Эрон ўз ҳарбий салоҳиятининг катта қисмини сақлаб қолган
Разведка маълумотлари Дональд Трамп ва унинг ҳарбий маслаҳатчилари АҚШ қўшинларининг Эрон ҳарбий тизимларига етказган зарарини ортиқча баҳолаганлигини маълум қилди. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.
АҚШ расмийларининг “Эрон ҳарбий жиҳатдан мағлуб этилди” деган баёнотлари разведка маълумотлари билан мос келмайди. Унга кўра, Эрон ҳозир ҳам мамлакат ҳудудидаги мобил ракета учириш қурилмаларининг тахминан 70 фоизини бошқара олади ва урушдан олдинги ракета захирасининг қарийб 70 фоизини сақлаб қолган.
Бу захирага минтақадаги бошқа давлатларга зарба бериши мумкин бўлган баллистик ракеталар ҳамда қисқа масофага мўлжалланган қанотли ракеталар киради.
Энг катта хавотирлардан бири — Эроннинг Ҳурмуз бўғози атрофида жойлашган 33 та ракета комплексидан 30 тасини яна жангга тайёр ҳолатга келтирганидир. Улар АҚШ ҳарбий кемалари ва нефть танкерларига таҳдид солиши мумкин.
Шунингдек, разведка маълумотларига кўра, Эрон мамлакат бўйлаб жойлашган ер ости ракета омборлари ва учириш қурилмаларининг тахминан 90 фоизига қайта кириш имкониятини тиклаган. Улар ҳозир “қисман ёки тўлиқ жангга тайёр” ҳолатда деб баҳоланмоқда.
Бу маълумотлар Дональд Трамп ва АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсетнинг Эрон ҳарбий салоҳияти йўқ қилинган, деган баёнотларига зид келмоқда
Пентагон маълумотларига кўра, АҚШ армияси “Tomahawk”, “Patriot” ва бошқа муҳим ракеталар захирасининг катта қисмини сарфлаб бўлган.
Агар Эронга қарши яна қўшимча зарбалар берилса, бу АҚШнинг ҳарбий захираларини янада камайтириши мумкин.
Шунингдек, Европа иттифоқи ҳам Украина учун АҚШдан катта миқдорда ўқ-дори кутаётгани, аммо таъминот кечикиши эҳтимоли борлиги айтилмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/qcxgnucav0U?si=k83nl3_tGbglPmZZ" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Искандар Исматов, ЎзА