Эрон масаласида Трамп яккалана бошладими?
АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни чеклашга қаратилган резолюцияни маъқуллади.
Ҳужжат 215 овоз билан қабул қилинди, унга демократлар билан бирга тўрт нафар республикачи ҳам қўллаб-қувватлов билдирди. Бу жараён сўнгги уч ой ичида Дональд Трампнинг Эрон бўйича сиёсатига қарши энг жиддий сиёсий сигналлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Резолюция Вашингтоннинг Эрон билан давом этаётган можаросида янги ҳарбий амалиётларни чеклашни назарда тутади. Ҳужжат дарҳол урушни тўхтатмайди, аммо Конгресснинг позициясини намоён этувчи муҳим сиёсий қадам ҳисобланади. Палатадаги овоз бериш натижаси эълон қилингач, залда олқишлар янграган.
Ташаббус муаллифлари мамлакат аҳолиси узоқ давом этаётган можаро оқибатларидан чарчаганини айтмоқда. Улар ёқилғи нархларининг ошиши ва кундалик харажатларга босим кучайиши урушнинг иқтисодий таъсирини яққол кўрсатаётганини таъкидлади. Шу сабабли Оқ уйни ҳарбий эмас, дипломатик ечим излашга чақирувлар кучаймоқда.
Резолюция энди Сенат муҳокамасига юборилади. Аввалроқ юқори палатада ҳам бир неча республикачи сенаторлар шунга ўхшаш ташаббусни қўллаб-қувватлаган эди. Бироқ ҳужжат ҳар икки палатада қабул қилинган тақдирда ҳам Трамп унга вето қўйиши мумкин.
Оқ уй ва Давлат департаменти эса бундай қарорлар Теҳронга нотўғри сигнал юборишидан хавотир билдирмоқда. Давлат котиби Марко Рубио фикрича, Конгресс чекловлари Эрон раҳбариятида Вашингтоннинг қўли боғланиб қолгани ҳақида тасаввур уйғотиши мумкин. Бу эса музокараларга эмас, аксинча, кескинликнинг кучайишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
Мазкур овоз бериш натижаси АҚШда уруш ваколатлари масаласи атрофидаги баҳсларни яна авж олдирди. Конституцияга кўра, уруш эълон қилиш ҳуқуқи Конгрессга тегишли бўлса-да, президент Қуролли кучлар олий бош қўмондони сифатида кенг ваколатларга эга. Шу боис резолюция қабул қилинса, бу масала янги ҳуқуқий тортишувларга сабаб бўлиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА