Эрон АҚШ ва Исроил таслим бўлмагунча курашадими? (+видео)
АҚШ президенти Оқ уйдаги чиқишида Эронни бомбалаш ва вайрон қилиш билан таҳдид қилди. Бунга жавобан Теҳрон ҳарбий ҳаракатларни янада кучайтириши ва душманларига кенг кўламли ҳамда кескин зарбалар бериши мумкинлигини маълум қилди, деб хабар берди Euronews.
Эрон АҚШ ва Исроил таслим бўлмагунча курашни давом эттиради. Бу ҳақда Эрон марказий қўмондонлиги матбуот котиби Иброҳим Зулфиқорий маълум қилган. Унинг айтишича, Эрон ҳарбий амалиётларни янада кучайтиради ва душманларига кучли зарбалар беради.
Бу баёнот Трампнинг Оқ уйдаги нутқидан кейин янгради. Унда Трамп АҚШ ҳукумати мақсадларига жуда яқинлашганини айтар экан, агар Эрон музокара орқали келишувга кўнмаса, ҳужумлар янада кучайишини маълум қилди. Кузатувчиларнинг фикрича, Трамп ўзининг 20 дақиқалик нутқида сўнгги ҳафталарда айтган гапларини такрорлаган холос, янги маълумотлар берилмаган.
Уруш Ҳурмуз бўғозининг аҳамиятини яна бир бор кўрсатди. Эрон қуролли кучлари бу йўлни “душманлар” учун ёпиқ тутишга ваъда берди. Трамп эса бу йўлнинг очилишини урушни тўхтатиш шарти сифатида кўрсатмоқда.
Кўрфаздаги уруш нефть етказиб беришга таъсир қилмоқда ва кемалар ҳаракатини чекламоқда. Бу ҳақда фикр билдирган Британия ташқи ишлар вазири Ҳурмуз бўғозини қайта очиш зарурлигини таъкидлади. Чунки, жаҳон нефтининг катта қисми айнан шу ердан ўтади.
Трамп нефть импорт қилувчи давлатларни бу йўлни биргаликда очишга чақирган бўлса ҳам унинг чақириғи кутилганидек акс садо бермади. Хитой ТИВ эса бу ҳолат учун айнан АҚШ ва Исроилни асосий сабабчи деб атади.
Нефть нархи кескин ошди, йирик компаниялар акциялари эса тушиб кетди. Жаҳон банки раҳбарияти бу уруш инфляция, иш ўринлари ва озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий таъсир қилаётганидан хавотир билдирди. Бу ҳолат бутун дунёда сезилмоқда, масалан, Хитойда авиакомпаниялар ёқилғи нархларини оширишини айтди, Малайзияда давлат ходимларидан уйда туриб ишлаш сўралган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/FyLYsuRhGw0" title="Eron AQSH va Isroil taslim bo‘lmaguncha kurashadimi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe> Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА