Эришилган ютуқлар марра эмас
Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор мамлакатимиз тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор мамлакатимиз тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.Тадбиркорлик, ишбилармонлик халқимиз ҳаётида азалдан муҳим ўрин тутиб, унинг ўзига хос анъаналари асраб-авайланган, бундай фазилатга эга кишилар қадрланган. Буни буюк Амир Темурнинг “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”, деган фикри ҳам тасдиқлайди. Мустабид тузум даврида, афсуски, тадбиркорлик мутлақо тақиқланди, у билан шуғулланган кишилар таъқиб остига олинди.
Истиқлол туфайли, Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Фарғона вилоятида ҳам ўз бизнесини йўлга қўйиб, ўзи, оиласи, маҳалла, эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган, иқтисодиётимиз тараққиётига хизмат қилаётган тадбиркорлар, хусусий корхоналар сафи тобора кенгаймоқда. Фарғона шаҳридаги “Сайқал” савдо ишлаб чиқариш корхонаси ана шулардан бири.
Тадбиркор Абдураҳмон Ниёзов 2001 йилда ушбу корхонани ташкил этиб, сайқалланган мармар маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Дастлаб уч ишчи билан фаолият бошлаган “Сайқал” бугун нафақат вилоят, балки мамлакатимизда ўз брендига эга бўлган субъектлардан бирига айланди.
– Тўғрисини айтганда, дастлаб ишни ташкил этишда, кейинчалик ишлаб чиқаришни янгилаш ва кенгайтиришда айрим тўсиқларни енгиб ўтишга тўғри келган, – дейди А.Ниёзов. – Ҳолва деган билан оғиз чучимайди, дейди халқимиз. Айтайлик, сифатли маҳсулот тайёрлаш ва уни харидорга манзур қилиш учун замонавий технология, зарур хомашё, ишончли шерик ва, албатта, етарли миқдорда сармоя керак. Рақобат кун сайин кучайиб бораётган бир пайтда тадбиркорликни юритиш осон иш эмас. Устига-устак баъзан асоссиз текширишлар мулкдорнинг руҳини сўндириб қўйиши ҳам мумкин. Юртбошимиз ишлайман, мулк эгаси бўламан, эл-юртга наф келтираман, деганга мадад бериб келаётгани тадбиркорларни янада кўпроқ меҳнат қилишга ундамоқда. Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони биз, ишбилармонларга катта имкониятлар яратмоқда. Тадбиркорлик орқасидан тўйлар қилиб, замонавий уй-жой қурдим. Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган энг сўнгги русумдаги машина сотиб олдим. Фарзандларим ёнимга кириб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Аммо булар бизни қаноатлантирадиган натижа эмас. Негаки, ҳақиқий тадбиркорман, деган одам хориждан маҳсулот келтириб сотиш эмас, ўзимизникини чет эл бозорига олиб чиқиш пайида бўлади. Шунинг учун бу йил экспортни йўлга қўйишни қатъий мақсад қилганмиз. Давлатимиз раҳбари ишбилармонларга катта ишонч билдириб, барча шароит, имтиёз ва имкониятларни яратиб бераётган экан, биз ҳам иқтисодиётимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида янада ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишимиз шарт.
Абдураҳмон ака ҳақ. Бугун тадбиркор эмин-эркин фаолият юритиши учун барча шароит яратилган. Буни мазкур корхона мисолида оладиган бўлсак, айни кунларда бу ерда ногиронлар учун аравачалар, велосипед, эшитиш мосламалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ўттиздан ортиқ киши меҳнат қилаётган корхонада дастлабки йили 184 минг сўмлик маҳсулот сотилган бўлса, 2014 йили икки миллиард сўмлик маҳсулот буюртмачиларга етказиб берилди. Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорларга яратилаётган қулай шароит, берилаётган имтиёз ва имкониятлар самарасидир.