Ер қаъридан жавоҳир изловчилар
Фируз Ғаниев Қизилқум заминининг иқтидорли геологларидан бири. У 2003 йилда Тошкент давлат техника университети геология факультетининг магистратурасини тамомлаб, йўлланма асосида “Мурунтов” конига геологик ишларда кон ишчиси сифатида ишга келган эди. Мана қарийб 21 йилдирки, геология соҳасида фаолият олиб бормоқда. Айни пайтда бош геолог ўринбосари лавозимида ишлайди.
– Чўлнинг табиати анча инжиқ: ёзи жазирамали, қиши изғиринли. Инсон танлаган касбини севса, ҳеч бир иш унга қийинчилик туғдирмас экан, – дейди Фируз Ғаниев. – Биз Қизилқум чўлининг анча ичкарисида дала шароитида иш олиб борамиз. Илк иш фаолиятимни бошлаганимда малакали мутахассислар– Ким Темур Алисеевич, Вадим Николаевич Бычков, Арслан Кошанов, Нуриддин Ҳайдаровлар менга устозлик қилишди. Соҳанинг сир-асрорларини ўргатишди. Ҳозир ўзим ҳам ёшларга устозлик қилмоқдаман. Устозларимдан ўрганаман. Уларнинг ўгитларига амал қилган ҳолда билганларимни шогирдларимга ўргатаман.
Қизилқум маъданларга бой замин. “Мурунтов” кони 20-асрнинг иккинчи ярмидаги қимматбаҳо металлар соҳасида қилинган энг катта кашфиёт сифатида тан олинган. Айни вақтда коннинг узунлиги 5,5 километр, эни эса 3,4 километрни ташкил этиб, 650 метрдан зиёд чуқурликка эга. Шу кунга қадар кондан 2 млрд.м3 дан ортиқ тоғ жинслари қазиб олинган. Албатта, конларнинг келажаги геологлар томонидан тақдим этиладиган маълумотларнинг ишончлилигига боғлиқ. Конларни ўрганиш ва захираларини ошириш, режалаштириш, кон ишларини назорат қилишнинг усул ва йўлларини ишлаб чиқиш, маъданни омборларга жойлаштириш, уларни рўйхатга олиш, конларни чуқурлашиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал қилишда геологларнинг алоҳида ҳиссаси бор.
– Марказий кон бошқармасининг геология хизмати 1967 йилда ташкил этилган бўлиб, 1972 йилгача кон ишларига геологик хизмат кўрсатиш “Мурунтов” конининг геология бўлими томонидан бажарилган, – дейди “Мурунтов” кони бош геологи Турсун Толибов. – Ўтган давр мобайнида тажрибали геологлар томонидан конни самарали ўзлаштириш бўйича энг мақбул қарорлар, схемалар қабул қилинди. “Маъдан” автоматлаштирилган лойиҳалаш тизими ишлаб чиқилиб, татбиқ этилди. Кон эксплуатацион поғоналарида қазиб олинадиган захиралари қайта ҳисобланиб, тасдиқланди. Айниқса, мустақиллик йилларида чуқур кон шароитларида кон эксплуатацион ишларини лойиҳалаш ва режалаштиришнинг юқори сифат чўққиларига эришилди. 2-гидрометаллургия заводи керакли сифатдаги маъдан билан барқарор таъминланиб, қўшимча қидириш ишлари ҳисобига олтин захиралари кўпайди.
Бугунги кунда коннинг бош геолог бюросида 54 нафар геолог ва ишчи-ходим самарали фаолият олиб бормоқда. “Мурунтов” конининг баланс ва балансдан ташқари маъданларининг борт таркиби қайта кўриб чиқилиб, геологик захиралари қайта ҳисобланди. 2022 йилнинг апрель ойидан бошлаб “Балпантоғ” кони, 2023 йилнинг октябрь ойидан бошлаб эса “Бесапантоғ” кони иш бошлади.
Қазиш-тозалаш ишларида ҳам геологлардан катта масъулият талаб этилади. Бурғулаш ускуналарининг геологик намуна олиш жараёнини назорат қилиш, ускуналарнинг намуна йиғгичи созлигини, намуналар вазнини, намуналар ёрлиқларининг тўғри тўлдирилишини, бурғиланган қудуқлар рақами лойиҳаларга биноан бўлишини текшириш лозим. Шу билан бирга тоғ жинслар тоифасини аниқлаштириш учун қудуқларни бурғулашда хронометраж ишларини амалга ошириш, намуналарни чиқариш, уларга ишлов бериш, таҳлиллар олиш жараёнларини назорат қилиш ва мунтазам равишда намуналарни геологик назорат ва таҳлилий ишлар учун ажратиб, саралаб олиш ҳам уларнинг зиммасида. Шу билан бирга экскаваторларнинг ишларини назорат қилиш, кон ковжойларини геологик ҳужжатлаштириш, маъданнинг йўқотилиши ва сифатсизланишини назорат қилиш ҳамда камайтириш чора-тадбирларини тузиш, 2-Гидрометаллургия заводининг олтинни ажратиб олиш технологиясига мос миқдор ва сифатда жўнатилишининг бевосита назорати ҳам ушбу шарафли касб эгалари масъулиятли бурчидир.
Бир зум геологик ишларни бажараётган кон ишчиларининг фаолиятини кузатдим. Уларнинг қуёшнинг тафтию, чўлнинг совуқ шамолларида қорайиб кетган юз-кўзларидаги шижоатни кўриб, уларга бўлган ҳурматим минг чандон ортди. Бурғуланган майдонда намуналар солинган қопларда тўғри ва аниқ тўлдирилган ёрлиқларнинг мавжудлигини, рақамларни рўйхатга олиш ва бурғуланган қудуқлар рақамлари, бурғулаш ишлари лойиҳаларига мувофиқлигини текшириб, намуналардаги шлам материалининг сифат таркиби ва миқдорини, бегона тоғ жинслар бўлакларининг мавжудлигини, оғирлигини эринмасдан кўраётган мутахассисларнинг суҳбатларини мароқ билан тингладим.
– Ёш кадрлар билан ишлаш асосий вазифамизга киради. Бизда ҳар бир ёш кадр тажрибали мутахассисга бириктирилган. Бу тажриба орттириш билан бир қаторда устозни қадрлашдек маданиятни шакллантиради, – дейди участка геологи Давлат Раҳмонов. – Жамоамизда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ёшлар ишлашади. Уларнинг фикри, ғоя ва ташаббусларини тинглаб, кенг дунёқараш ва тафаккурга эга эканлигига гувоҳ бўламан. Бундай шижоатли ёшларни қўллаб-қувватласак, руҳлантира олсак, улар билан катта ишларни амалга ошириш мумкин, албатта.
Ҳозирги кунда геологик вазифаларни ечишда замонавий MEINFREIM, DIGIMINE каби дастурлардан фойдаланиб келаётган жамоа ер сатҳидан 550 метргача чуқурликдаги фойдали қазилма топилмаларини тўла ўрганган. Энг қувонарлиси, ушбу соҳага бутун куч-ғайратини, ақл-заковатини сарф қилаётган, умрини бахшида этаётган геологлар кон ишларини тадбиқ этиш учун кон-транспорти комплексини автоматлаштирилган бошқарув тизими лойиҳасини ҳам ишлаб чиқишди.
– Геолог бўлиб яшаш – бахт, геология соҳасида ишлаш – масъулият, геологман дейиш эса фахр, – дейди суҳбатдошларимизнинг аксарияти. Улар меҳнатидан мамнун инсонлар. Касбини севиб, залворли меҳнати ортидан ҳузур-ҳаловат топаётган геологларимизнининг ишларига омад тилаймиз.
Нафосат Зиёева,
Марказий кон бошқармаси Ахборот ва маънавият-маърифат гуруҳи ходими.
ЎзА