“Ер деградацияси” геопортали ва махсус мобил илова тақдим этилди
Мамлакатимизда ер ресурсларидан барқарор фойдаланишни кучайтириш, Ер деградацияси нейтраллигига эришиш бўйича миллий саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш тизими юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигидаги “Ўзбекистоннинг қурғоқчил экотизимларида ўрмонлар ва яйловларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
2022-2026 йилларга мўлжалланган лойиҳанинг асосий мақсади – ер деградацияси, чўлланиш ва қурғоқчилик оқибатларини камайтириш, ер ресурсларини тиклаш ҳамда ўрмонлар ва яйловларни барқарор бошқариш бўйича миллий саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш.
Ўзбекистонда ер деградацияси, чўлланиш ва қурғоқчилик оқибатлари қишлоқ хўжалиги, табиий ресурслар ва экотизимлар барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Тақдим этилган маълумотларга кўра, республикадаги 25,6 миллион гектар яйловнинг 2,5 миллион гектари деградацияга учраган, яна 6 миллион гектарида ўсимлик қоплами йўқолган.
Шу нуқтаи назардан, Ер деградацияси нейтраллиги ёндашуви ерларни муҳофаза қилиш, тиклаш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича далилларга асосланган қарорлар қабул қилишда муҳим амалий восита ҳисобланади.
– Ушбу лойиҳанинг устувор мақсадларидан бири — Ўзбекистоннинг БМТ Чўлланишга қарши курашиш кКонвенцияси бўйича ҳисоботларни тайёрлашни яхшилашдир, – деди “Ўзбекистоннинг қурғоқчил экотизимларида ўрмонлар ва яйловларни барқарор бошқариш” лойиҳасининг бош техник маслаҳатчиси Наримон Нишонов. – Учрашув барча манфаатдор ҳамкорлар орасида ер ва ўрмон деградацияси бўйича маълумотларни шаффоф алмашуви учун асос яратади ҳамда деградацияни камайтиришга ҳисса қўшади.
Семинар давомида “Ер деградацияси” геопортали ва унга боғланган “Field Maps” мобиль иловаси тақдим этилди. Мазкур воситалар тупроқ сифати, шўрланиш, агрокимёвий таҳлил ва яйлов геоботаникаси бўйича маълумотларни тизимли равишда йиғиш, киритиш ва таҳлил қилиш имконини беради.
Тақдимот материалларига кўра, геопорталда 17 қатлам асосида маълумотлар базаси шакллантирилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги, ўрмон, сув фонди ва бошқа тоифадаги ерлар бўйича деградацияга қарши курашга оид маълумотлар жамланмоқда.
Геопортал турли идора ва муассасалардан келадиган маълумотларни бирлаштириш орқали қарорлар қабул қилиш сифатини оширишга хизмат қилади.
Б.Худойбердиев, ЎзА