Енгил ва чидамли, лекин ўтда ёнмас, захда зангламас қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда
Президент ташрифидан сўнг…
У бир пайтлар ҳарбий лабораторияларда сир сақлангани айтиларди. Кейинчалик эса кўпчилик тошдан “пахта” олиш мумкинлигига ишониши қийин бўлди. Бугун қурилиш саноатида кенг қўлланаётган ушбу технология ана шу шубҳаларни бутунлай тарқатиб юборди.
Энергия тежамкор, кимёвий жиҳатдан барқарор, ўтда ёнмайдиган, захда зангламайдиган ва юқори босимга чидамли бу материал мамлакатимизнинг қайси ҳудудларида ишлаб чиқарилмоқда? Қурилиш соҳаси вакиллари “қора олтин” деб атаётган мазкур маҳсулот қандай қилиб бозорда мустаҳкам ўрин эгалламоқда?
“Президент ташрифидан сўнг...” рукни доирасида тайёрланаётган навбатдаги мақоламизда шу саволларга жавоб берамиз.

Йигирма йиллар аввал катта-кичик қора тошни эритиб, ундан пахтадек юмшоқ изоляция плиталари тайёрланишига ишониш қийин эди. Чунки ўша пайтларда “иссиқлик изоляцияси” деганда кўпчиликнинг кўз олдига асосан “шиша пахта” ёки оддий пенопласт келарди. Базальт эса шунчаки тоғларда учрайдиган катта-катта тош сифатида қабул қилинган.
Вақт кўп нарсани исботлади. Бугунги кунда янги қурилаётган кўп қаватли уйлар деворларига ўрнатилаётган жигарранг ва кулранг базальт плиталари, зангламайдиган арматуралар ва қувурлар замонавий қурилишнинг ажралмас қисмига айланиб боряпти.
Базальт маҳсулотларига талабнинг ортиши тасодифий эмас. Бу глобал энергия муаммоси, экологик стандартларнинг қатъийлашуви ва технологик янгиланишлар билан боғлиқ.

Бугун республикамизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Энергия тежамкорликка қаратилган талаблар ортиши базальт хомашёси ва ундан тайёрланадиган материалларга эҳтиёжни сезиларли оширди.
Мутахассислар фикрича, биноларни базальт плиталари билан изоляция қилиш иситиш ва совутиш харажатларини эллик фоизгача камайтириши мумкин.
Шу билан бирга, кўп қаватли бинолар ва саноат объектларида ёнғин хавфсизлиги стандартлари кучайтирилмоқда. Пенопласт ва бошқа полимер изоляторлардан фарқли ўлароқ, базальт плиталари ёнмайди ва заҳарли тутун чиқармайди. Бу эса уни жамоат бинолари учун энг хавфсиз вариантга айлантиради.

Базальт табиий тош бўлгани учун у чиримайди, моғорламайди ва кимёвий таъсирларга чидамли. Ундан тайёрланган маҳсулотлар эллик йилдан ортиқ хизмат қилади. Геометрик шакли ва физик хусусиятларини йўқотмайди. Бу эса қурилиш объектларининг фойдаланишдаги харажатларини кескин камайтиради.
Базальтдан нафақат изоляция плиталари, балки арматура ва толалар ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Бундай арматура анъанавий пўлат арматурадан 3-4 баравар енгил ва зангламаслиги билан ажралиб туради. Мустаҳкамлик даражаси ҳам юқори.
Айниқса, намлик юқори бўлган ҳудудларда, кўприклар ва йўл инфратузилмалари қурилишида базальтга талаб кескин ошмоқда. Бундай технологиялар нафақат истеъмолчи учун, балки мамлакат миқёсида энергия ресурсларини тежашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз туманидаги “Surkhon Sandwich” корхонасида базальт маҳсулотлари ишлаб чиқариш линияси билан танишгани мазкур йўналишга қаратилган эътиборнинг яна бир исботидир.
– Президентимизнинг ташрифлари ҳудуддаги барча соҳаларни жонлантирди, – дейди корхона таъсисчиси Баҳром Раупов. – Корхонамиз ички ва ташқи бозордаги талабдан келиб чиқиб, 26 миллион доллар инвестиция ҳисобига иш бошлаган. Бугун бизда йилига 30 минг тонна базальт хомашёсини қайта ишлаш қуввати мавжуд. 345 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти бор. Маҳсулотларимиз ички бозор билан бирга Тожикистон ва Афғонистонга ҳам экспорт қилинмоқда. Хомашёнинг асосий қисми Олтинсой туманидаги конлардан олинади. Корхонада ҳозир 200 киши доимий иш билан таъминланган.
Давлат раҳбари бундай объектларда маҳсулот сифати, маҳаллийлаштириш даражаси ва экспорт салоҳиятини янада ошириш муҳимлигини қайд этди.

Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги “Khorezm Insulation Group” қўшма корхонаси ва Жиззах вилояти Фориш туманидаги “Basalt Uzbekistan” кластери соҳадаги йирик лойиҳалардан ҳисобланади.
Форишдаги корхонада йилига 177 минг тонна базальт тошидан 42 турдаги маҳсулот олинади. Хусусан, тола, ровинг, композит арматура, қувурлар, геосеткалар ва изоляция плиталари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотларнинг саксон фоизи АҚШ, Англия, Польша, Италия, Чехия, Грузия, Россия, Туркия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда.
Таҳлиллар дунё қурилиш саноатида базальт маҳсулотларига талаб йил сайин ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Мамлакатимизда хомашё базасининг кенглиги ва ишлаб чиқаришнинг маҳаллийлаштирилаётгани эса истиқболда янада юқори кўрсаткичларга эришиш имконини яратади.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА шарҳловчиси