Энг яхши китобхонлар аниқланди
Навоий кон-металлургия комбинати АЖ ва Касаба уюшмаси кенгаши ташаббуси билан ишчи-ходимлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқиши ҳамда интеллектуал салоҳиятини янада ошириш мақсадида комбинат бўлинмалари ва корхоналарида “Энг яхши китобхон” танлови ўтказилди ва ғолиблар тақдирланди.
Танловнинг саралаш босқичи 2025 йилнинг август-декабрь ойлари давомида уч босқичда ташкил этилди.

Комбинат бўлинмаларида касаба уюшмаси вакиллари, маънавият тарғиботчилари ва ёшлар етакчилари томонидан ишчи-ходимларга ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара асарларидан намуналар тақдим этилди.
“Фарҳод” маданият саройи кутубхонасида бўлиб ўтган якуний босқичда саралаш босқичларида фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган 60 нафарга яқин ишчи-ходим ўз билимларини синовдан ўтказди.



Якунда Марказий кон бошқармаси 2-гидрометаллургия заводи чилангари Шербек Шайматов фахрли 1-ўринни эгаллади. “Қизилқум” кон бошқармаси ходими Мавлуда Тошева 2-ўринга, Шимолий кон бошқармаси 3-гидрометаллургия заводи чилангари Завқиддин Имомов эса 3-ўринга сазовор бўлди.
Ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, фаол иштирокчилар “НКМК”АЖ Касаба уюшмаси кенгаши томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
А. Бўриев, ЎзА мухбири