Энг яхши эксперт-криминалистлар аниқланди
Ички ишлар вазирлигининг “Энг намунали эксперт-криминалистика жамоаси” ҳамда “Энг яхши эксперт-криминалист” Республика кўрик-танловида ҳудудий саралаш босқичидан ўтган 16 та жамоа ва 32 нафар эксперт-криминалистлар ўзаро беллашди.
Кўрик-танловнинг республика босқичи юқори савияда, қизғин ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Бунда экспертларнинг зийраклиги, зукколиги, жиноятларни фош этишдаги илмий-техник салоҳияти бўйича синовлар қабул қилинди.
Кўрик-танловни ўтказишдан асосий мақсад соҳа ходимларининг хизматга бўлган иштиёқини кучайтириш, касбий тайёргарлик сифатини ошириш, муносиб эксперт-криминалист ходимлар орасидан энг яхшиларини аниқлаш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашдан иборат.
Танлов иштирокчилари белгиланган вазифаларни муваффақиятли уддалаб, бор билим, касбий кўникма ва маҳоратларини намоён этди.

Натижаларга кўра, ИИВ Академияси криминалистик экспертизалар кафедраси жамоаси “Энг намунали эксперт-криминалистика жамоаси” номинацияси бўйича ғолиб, деб топилди.
Иккинчи ўринни Тошкент вилояти ИИББ эксперт-криминалистика маркази жамоаси ҳамда учинчи ўринни Хоразм вилояти ИИБ эксперт-криминалистика маркази эгаллади.
“Энг яхши эксперт-криминалист” номинацияси бўйича Фарғона вилояти Марғилон шаҳар ИИБ эксперт-криминалистика гуруҳи катта эксперти капитан Тоҳиржон Иброҳимов ғолиб, деб топилди.
Иккинчи ўринни Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар ИИБ эксперт-криминалистика гуруҳи катта эксперти катта лейтенант Ислом Норбеков ва Сирдарё вилояти ИИБ эксперт-криминалистика маркази катта эксперти майор Зафар Арзиқулов эгаллади.

Самарқанд вилояти ИИБ эксперт-криминалистика маркази бош эксперти подполковник Азамат Аббосов, Андижон вилояти ИИБ эксперт-криминалистика маркази катта эксперти капитан Миржалол Мадаминов ва Бухоро вилояти ИИБ эксперт-криминалистика маркази бош эксперти подполковник Жаҳонгир Шариповлар учинчи ўрин соҳиблари бўлди.
Ўтказилган кўрик-танлов, шахсий ва жамоавий биринчиликлар эксперт-криминалистика соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, профессионал касб маҳоратига эга бўлган истеъдодли криминалистларни аниқлашга имконият яратди.
Шу билан бирга, танлов истиқболли кадрлар захирасини шакллантиришга ҳамда соҳа ходимларининг ўз касбига бўлган садоқат, ғурур ва ифтихор каби ҳис-туйғуларини кучайтиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА