Энг кучли рақибларни ҳам ортда қолдиришди
Гулистон шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари CAU Tech Summit 2026 доирасида ўтказилган “Line Follower” мусобақасида 1-ўринни эгаллаб, халқаро майдонда муносиб натижа қайд этди. Муҳаммадазиз Тугалов, Рисқибой Усмонов ва Комилжон Холмуродовдан иборат жамоа робототехника бўйича энг кучли иштирокчиларни ортда қолдирди.
Мазкур нуфузли тадбир Central Asian University ташаббуси билан Toshkent шаҳрида ташкил этилиб, унда 1200 нафар иштирокчи ва 17 та давлат вакиллари қатнашди. Саммит доирасида сунъий интеллект, киберхавфсизлик, инновация ва робототехника каби устувор йўналишларда беллашувлар бўлиб ўтди.

– “Robotics Challenge” йўналиши тадбирнинг энг қизиқарли қисмларидан бири бўлиб, иштирокчилар қатори, бизнинг ўқувчиларимиз ҳам ўз роботларини дастурлаш, алгоритмлар яратиш ва мураккаб трассаларда ҳаракатлантириш бўйича синовдан ўтдилар Айниқса, “Line Follower” мусобақаси тезлик ва аниқликни талаб қилгани билан ажралиб турди. Муҳими, бу борадаги натижаларга эришишда мактабимизнинг Робототехника тўгараги раҳбари Азиз Юнусов ва Орифжон Собитовнинг хизмати катта, – дейди Гулистон шаҳридаги Президент мактабининг махсус фанлар бўйича директор ўринбосари Рустам Азаматов.
Мутахассислар фикрича, мазкур натижа Ўзбекистонда STEM таълими ва робототехника йўналишлари жадал ривожланаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, ҳудудлардаги таълим муассасаларида ҳам замонавий технологияларга асосланган таълим тизими шаклланаётгани яққол намоён бўлмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири