Бугун "Ўзэнергоинспекция"да ўтказилган йиғилиш ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида шаффофликни таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларига бағишланди.
"Ўзэнергоинспекция" ва Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) девони ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда инспекциянинг барча ҳудудий бўлимлари иштирок этди.
Йиғилишда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар юзасидан белгиланган қонуний тартибларга риоя этиш, мазкур жараёнда инсон ҳуқуқлари ва тадбиркорлик эркинлигига доир принципларга амал қилиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Шунингдек, унда коррупцияга қарши курашиш, энергия ресурслари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, соҳада ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалиётга тўғри татбиқ этиш зарурлиги таъкидланди.
– Ҳар бир текширув, ҳар бир назорат ҳаракати қатъий қонун доирасида ҳамда шаффоф ва холислик асосида амалга оширилиши шарт. Бунда нафақат давлат манфаатлари, балки тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқлари ҳам эътибор марказида бўлиши лозим. Бу борада барча ходимлардан масъулият ва профессионал ёндашув талаб этилади. Бугунги кунда давлат ва жамият олдида турган муҳим вазифалардан бири энергетика соҳасида тизимли назорат ва самарадорликни таъминлашдир. Биз самарали назорат орқали ишончли ва барқарор энергетика тизимини шакллантиришни мақсад қилганмиз. Бунинг учун эса инсонийлик, адолат ва қонунийлик тамойилларига таянишимиз лозим, – дея қайд этди “Ўзэнергоинспекция” бошлиғи ўринбосари Хуршиджон Эшқўзиев.
Йиғилишда ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган муаммоларни тезкор тарзда аниқлаш, уларни бартараф этиш ва амалий ёрдам кўрсатиш вазифаси инспекциянинг ҳудудий бўлинмалари олдига аниқ ва мақсадли вазифа сифатида қўйилди. Шу билан бирга, мазкур ташкилотнинг айрим ҳудудий бошқармалари томонидан белгиланган вазифаларнинг бажарилишида сусткашликка йўл қўйилгани танқид қилинди. Ижро интизомида камчиликка йўл қўйган масъулларга тегишли тушунтиришлар берилиб, улар фаолияти юзасидан мунтазам мониторинг олиб борилиши белгиланди.
Йиғилиш якунида тизимдаги иш самарадорлигини ҳамда ходимларнинг билим ва малакасини доимий равишда ошириш, тадбиркорлар билан ўзаро ишонч асосида мулоқот қилишни кучайтириш каби устувор вазифалар белгилаб олинди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА