Энергетика тизимидаги мурожаатлар муҳокама қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси томонидан Энергетика вазирлигининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларнинг ҳал этилиш ҳолати ва ушбу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Вазирлик ахборотига кўра, 2025 йилда соҳага оид жами 108 минг 310 та, 2026 йилнинг январь-апрель ойларида эса 40 минг 312 та мурожаат келиб тушган. Улардан 101 минг 372 таси қаноатлантирилган.

Қайд этилганидек, жойларда суюлтирилган газ баллонлар билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушмоқда. Жорий йилнинг март ойидан барча ҳудудлардаги суюлтирилган газ истеъмолчиларига “Face-id” тизими орқали манзилли етказиб берилмоқда.
Муҳокамаларда қайд этилдики, энергетика тизими аҳолининг фаровон турмуш шароитида муҳим ўрин тутади. Шу боис, соҳада аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилаш, лойиҳаларнинг ўз вақтида ва сифатли даражада бажарилишини таъминлаш устидан назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, ходимларнинг малакасини ошириш, вазирлик ҳудудий бошқармаларида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолатини мунтазам ўрганиб бориш лозимлиги бўйича бир қатор тавсиялар берилди.
М.Комилова, ЎзА