Энергетика объектлари HIL технологиялари асосида синовдан ўтказилади
“Ўзбекистон энергетика ҳафталиги доирасида Энергетика вазирлиги, “Silk Road Energy Planning and Engineering” МЧЖ ҳамда “Huawei” компанияси ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Ҳужжат энергетика тизими объектларини замонавий техник ечимлар асосида синовдан ўтказиш, электр тармоқлари фаолиятини янада барқарор ташкил этиш ва тизим хавфсизлигини кучайтиришни назарда тутади. Шунингдек, лойиҳа доирасида қайта тикланувчи энергия манбаларини миллий энергетика тизимига самарали улаш бўйича илғор ёндашувлар қўлланилади.
Меморандум асосида реал вақт режимида ишлайдиган симуляция платформалари ва “Hardware-in-the-Loop” (HIL) технологияларини жорий этиш режалаштирилган. Бу орқали электр станциялари, подстанциялар ҳамда бошқарув тизимлари турли фавқулодда ҳолатларда текшириб кўрилади ва уларнинг ишончлилиги баҳоланади.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, мазкур ҳамкорлик энергетика соҳасида инновацион технологияларни кенгайтириш, халқаро тажрибани жалб қилиш ва тармоқ самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА