Энди шўрработликларнинг ўз боғчаси бор
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 21-22 январь кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида “Шўрработ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Қойир бобо” МЧЖ томонидан 5 миллиард 900 миллион сўм маблағ эвазига икки қаватли 180 ўринли мактабгача таълим ташкилоти қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар, меҳнат фахрийлари, ота-оналар қатнашди.

Вилоят раҳбари йиғилганларни мактабгача таълим ташкилоти очилиши билан қутлади. Кейинги йилларда юртимизда мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар Қоракўлда ўзининг юксак самараларини бераётганини таъкидлади.

Уч минг аҳоли истиқомат қилаётган мазкур маҳалладаги боғча ёшидаги болалар сони 312 нафарни ташкил этади. 33 йилдан бери боғчаси бўлмаган маҳаллада аҳоли фарзандларини 4-5 км масофадаги боғчаларга олиб борарди.

Нуронийлар Яратгандан юртимиз тинчлиги ва осойишталигини сўраб, дуога қўл очаркан, қишлоқ марказига кўрк бўлиб тушган шинам маскан учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Меҳмонлар замонавий боғчада яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Шу ерда вилоят ҳокими қишлоқ аҳолиси билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларига қулоқ тутди. Аҳоли хонадонларида қишга тайёргарлик масалалари билан қизиқди. Шундан келиб чиқиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири