Электр узилишларининг олдини олишга қаратилган ишлар кучайди
Мирзаобод туманида куз-қиш мавсумида электр таъминотидаги узилишларнинг олдини олиш мақсадида 111 километр электр узатиш тармоғи ва 36 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди. Яна 180 километр электр тармоғи ҳамда 79 та трансформатор пункти жорий таъмирдан чиқарилди.
Электр энергиясига эҳтиёж ортиб бораётган бугунги шароитда тармоқларнинг мавсумий юкламаларга тайёрлиги муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Айниқса, ёзнинг чилласи ва қишнинг совуқ кунларида истеъмолнинг ортиши электр узатиш линиялари ҳамда трансформатор пунктларига тушадиган юкламани сезиларли даражада оширади. Бундай шароитда тармоқларнинг техник ҳолати электр таъминоти барқарорлигида муҳим аҳамият касб этади.

— Тўғрисини айтганда, аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлашда айрим муаммолар мавжуд. Бу, айниқса, аввалги йилларда ёзнинг чилласи ва қиш мавсумида яққол сезилган. Чунки бу даврларда баҳор ва куз ойларига нисбатан электр энергиясига талаб анча ортади. Натижада мавжуд трансформатор пунктлари ва электр узатиш линияларига тушадиган юклама ҳам кўпаяди. Бу эса айрим ҳолатларда авариявий узилишларга сабаб бўлади. Шунинг учун бугун асосий эътиборни муаммо юзага келганидан кейин бартараф этишга эмас, балки унинг олдини олишга қаратяпмиз. Аҳолини, айниқса, ёзнинг иссиқ кунлари ва қиш мавсумида барқарор электр энергияси билан таъминлаш учун тармоқлар ва трансформатор пунктларини таъмирлаш, уларнинг техник ҳолатини яхшилаш ишлари олиб борилмоқда. Бу орқали мавсумий юкламаларга тайёргарлик кўриб, авариявий ҳолатлар хавфини камайтиришни мақсад қилганмиз. Ўйлайманки, амалга оширилаётган ишлар ўтган йилларда кузатилган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш ва электр таъминоти ишончлилигини оширишда ўз самарасини беради, — дейди Мирзаобод туман электр таъминоти бошлиғи Ойбек Абдураҳмонов.

Дарҳақиқат, мавсумга тайёргарлик доирасида амалга оширилган ишлар салмоғи анча катта. Жумладан, 0,4–10 кВли электр узатиш тармоқларининг 111 километрида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилиб, 36 та трансформатор пунктининг техник ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, 180 километр электр тармоғи ва 79 та трансформатор пункти жорий таъмирдан ўтказилди.

Бу ишлар ортида оддий рақамлар эмас, балки минглаб хонадонлар, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектларининг барқарор электр таъминоти масаласи турибди. Тармоқларни олдиндан таъмирлаш эса электр энергиясига талаб юқори бўладиган даврда тизимга тушадиган юкламани барқарор бошқариш имконини беради.

Энг муҳими, бугун амалга оширилаётган ишлар фақат куз-қиш мавсуми билан чекланиб қолмайди. Электр тармоқлари ва трансформатор пунктларини босқичма-босқич таъмирлаш уларнинг хизмат муддатини узайтириш, техник ҳолатини яхшилаш ва келгусидаги юкламаларга тайёрлигини таъминлашга хизмат қилади.

Зеро, электр таъминотида барқарорлик — бу фақат чироқнинг ўчмаслиги эмас. Бу хонадондаги осойишталик, корхонадаги узлуксиз иш жараёни, ижтимоий объектларнинг бир маромда фаолият юритиши демакдир. Мирзаободда тармоқларни куз-қиш мавсумига тайёрлашга қаратилган ишлар ана шу барқарорликни таъминлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири