Электр энергияси – фаровонлигимиз омили
Наманган вилоятида маиший ва улгуржи истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси учун қарздорликни хатловдан ўтказиш тадбири ўтказилмоқда.
Наманган вилоятида маиший ва улгуржи истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси учун қарздорликни хатловдан ўтказиш тадбири ўтказилмоқда....Оқшом чўкиши билан тугмачани боссак, хонадонимиз чароғон бўлади. Бу биз беминнат дея таърифлайдиган электр энергиясининг кундалик ҳаётимиздаги энг оддий аҳамияти. Ҳар куни телевизор кўрамиз, музлатгичларда озиқ-овқат сақлаймиз, дазмол, кондиционер, вентилятор сингари кўплаб уй-рўзғор буюмларини ишлатамиз. Бу бир хонадондаги ҳолат. Энди электр энергиясининг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётидаги аҳамиятини бир тасаввур қилиб кўринг. Лекин, кўпинча ҳаётимиз фаровонлигининг муҳим омилларидан бўлган электр қувватини ҳосил қилиш учун сарфланаётган меҳнат-у маблағ ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз, гўё электр токи ариқдан ўзи оқиб келаётгандек.
Ана шундай юзаки қарашлар аҳоли ва улгуржи истеъмолчилар томонидан фойдаланилган электр энергияси учун муайян миқдорда қарздорлик вужудга келишига сабаб бўлаётгани сир эмас. Шу билан бирга, мавжуд қарзларнинг тўғри ёки нотўғри ҳисоблангани хусусида ҳам истеъмолчи ва таъминотчи ўртасида англашилмовчиликлар учраб туради.
– Истеъмолчилардан фойдаланилган электр энергияси учун тўпланиб қолган қарздорликни ундириш бўйича тегишли қонунчиликка асосан ўзаро шартномада кўрсатилган тартибда чоралар кўрилмоқда, – дейди “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти электр энергияси сотиш хизмати бошлиғи Жамшид Исабоев. – Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорагида 4 минг 300 дан зиёд улгуржи ва 47 минг 470 дан ортиқ маиший истеъмолчи 27 миллиард сўмликдан кўпроқ қарздорлик учун тармоқдан узилиб, жами 14 миллиард сўм тўлов амалга оширилишига эришилди. 2 минг 625 улгуржи ва 8 минг 342 маиший истеъмолчига нисбатан тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, солиқ идораларига, фуқаролик судларига тақдим этилди. Бу борадаги чоралар изчил давом эттирилмоқда.
“Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан бугунги кунда 472 мингга яқин маиший истеъмолчи ва 19 минг 700 дан зиёд улгуржи истеъмолчига ўзаро шартнома асосида электр энергияси етказиб берилмоқда.
– “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компаниясининг тегишли буйруғига асосан хатловдан ўтказиш тадбирининг мақсад ва вазифаси, ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларини тушунтириш бўйича қўлланмалар, ишчи гуруҳлари тасдиқланиб ишга киришилди, – дейди “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти бош муҳандиси Абдураҳмон Мамажонов. – Хатлов ўтказишдан мақсад корхонамиз етказиб берган ва истеъмолчилар томонидан фойдаланилган электр энергияси учун ҳақиқий қарздорлик ва ҳақдорлик масаласига аниқлик киритиб, мавжуд қарздорлик ва муаммоларни бартараф этиш, келгусида тўлов интизоми қатъий йўлга қўйилишига эришишдир. Хатлов ўтказиш муддати жуда қисқа, иш ҳажми эса катта сафарбарликни тақозо этади. Шундан келиб чиқиб, хатловни белгиланган муддатда якунлаш учун тадбирга қўшимча ходимлар ҳам жалб этилади. Бу жараёнда нафақат қарздорлик, балки истеъмолчининг техник параметри, носозлик, ноқонунийлик каби бошқа жиҳатлар ҳам атрофлича ўрганилади.
Хатлов жараёнида электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилади. Зеро, истеъмолчининг шартнома расмийлаштирмасдан электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб олиши, электр энергиясидан ҳисоблагичсиз фойдаланиши, ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатиши, яъни муҳрини бузиб, кўрсаткичларни ортга қайтариши ёки тўхтатиб қўйиши каби қоидабузарликлар энергия сарфи ва тўловлар ўртасида катта тафовут юзага келишига сабаб бўладиган омиллардандир. Хатлов жараёнида аниқланган бундай ҳолатлар бўйича тегишли тартибда жавобгарлик чоралари кўрилади.
– Қўлланмада тадбирга жалб этилган ходимнинг маиший истеъмолчи, яъни аҳоли билан ўзаро муносабати, касб этикаси, муомала маданияти, юзага келган баҳсли ўринларда қандай йўл тутиши лозимлиги каби масалалар ҳам қамраб олинган, – дейди “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти маънавият ва маърифат гуруҳи раҳбари Мўминжон Қосимов. – Мунтазам олиб борилаётган маънавий-маърифий тушунтириш тадбирлари ҳам хатлов жараёнининг юқори савияда ўтишини таъминлашга хизмат қилади.
Хатлов жараёнида назоратчи томонидан, биринчи навбатда, истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги шартноманинг қонунга мувофиқлиги кўрилади. Кейин истеъмолчи иштирокида электр ҳисоблагич кўрикдан ўтказилиб, электр ҳисоблагичдан ташқари уланган қурилмалар бор-йўқлиги текширилади, тўлов ҳужжатлари ва электр таъминоти корхонаси дастуридан олинган маълумотномадаги тўловлар ўзаро солиштирилади. Истеъмолчининг электрдан фойдаланиш амалиёти шу сингари яна ўнлаб параметрлар бўйича текшириб чиқилгач, аниқланган ҳолат бўйича уч нусхада далолатнома тузилади ва бир нусхаси истеъмолчининг ўзида қолдирилади.
Бу ишларнинг барчаси электр энергиясидан тежамли, самарали фойдаланиш ва унинг узлуксизлигини таъминлаш имконини беради.