Эл ишини эр қилур, эр қадрини эл билур
Сирдарёликлар иродаси метиндай мустаҳкам, ҳар қандай бало қазога бир тан-у бир жон, дўст биродар бўлиб, қўлни қўлга, дилни дилга бериб, кучни кучга қўшиб, йиқилмас қўрғон, енгилмас қўшин, бузилмас қоя каби, бир-бирини қўллаб-қувватловчи, таянч, суянч бўлгувчи ва ҳар қандай синовларни албатта енгувчи, ғалаба қозонувчи, зафар байроғини албатта кўтаргувчи халқдир.
Сирдарёликлар синов устига синов билан синалмоқда. Сардоба сув омбори ёрилганда аҳиллигимиз, бирлигимизни ва ҳеч қандай талафотсиз барча мушкулотларни енгиб, Сирдарёда бир-биридан гўзал бир қанча шаҳарларни бунёд этганимизни, нафақат Ўзбекистон халқи, балки бутун дунё кўрди. Сирдарё ҳарбий базасида чиққан ёнғин, барча сирдарёликларни яна бирлаштирди. Яна барча куч, барча қудрат сафарбарлик қилинди. Талафот кўрган биронта хонадон эътиборсиз қолмади. Жабр чекканларнинг ҳаммасининг ҳолидан хабар олинди ва хавф-хатар бартараф этилди. Шифохонадаги беморлар йўқланди ва энг керакли дори-дармон тезда етказилди. Олий тоифадаги шифокорлар жалб этилди. Ойналар, ромлар, шиферлар, телевизорлар ўрнатилди, деворлар тикланди, синган идиш товоқлар ўрни қопланди, керак бўлса кўрпа-тўшаклар етказиб берилди. Умид қиламизки, яна бир-икки кундан кейин кўрилган талафотлар, зарарлар тўлалигича қопланади, деворлар тикланади, беморлар соғаяди, хасталар тузалади, айбдорлар жазоланади, ҳаёт аввалгидай ўз изнига тушади ва осойишталик яна бир маромда давом этади.
Ваҳима кўтарганлар, жабр чекканлар эмас, ташқарида, бу талафотда умуман зарар кўрмаган ва воқеага гувоҳ бўлмаганлардир. Бировнинг бошига иш тушганда, пайтдан фойдаланиб маломат ва туҳмат тошини отманг, бировнинг устидан кулманг, бировни ёмонламанг. Қўлингиздан келса ёрдам қўлини чўзинг, ҳамдард бўлинг, елкадош бўлинг, дўст бўлинг. Ҳақиқий инсонийлик мана шу. Биз, бу кунлар бошига тушишини ҳатто душманимизга ҳам раво кўрмаймиз. Сирдарё халқининг боши омон бўлсин, ўзбек халқининг уйида ҳамиша тўйлар бўлсин, дастурхони ҳамиша тўкин, соғлик саломатликда, бахт-саодатда, фаровонликда яшасин. Қўлингиздан келса ёрдам беринг, бизни дуо қилинг.
Биз бир тану жонмиз.
Муҳаммад Исмоил,
Вилоят халқ депутати, Вилоят ижтимоий ривожланиш комиссияси раиси.
ЎзА