Эл эъзозлаган инспектор
Она Ватанига ва халқига ҳалол хизмат қилган киши ҳеч қачон кам бўлмайди.
Она Ватанига ва халқига ҳалол хизмат қилган киши ҳеч қачон кам бўлмайди. Хива тумани ИИБ ҲПБ 54-ички ишлар органлари таянч пункти профилактика катта инспектори, майор Тўлқинбек Оллазаров ҳам фидойи хизмати билан ҳаётда ўз ўрнини топди.
Қўшкўпир туманида вояга етган Тўлқинбек мактабни тугатгач, Қорақалпоқ давлат университетига ўқишга кирди. Кўз очиб юмгунча талабалик йиллари ортда қолди. Ҳарбий хизматни ўтагач, ёшликдаги орзусига эришиш мақсадида ИИВ Академиясининг Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курсларида таҳсил олди. Кичик сержант Тўлқинбек Оллазаров вилоят ИИБ 6-тергов ҳибсхонасида йўриқчи лавозимида хизмат фаолиятини бошларкан, устоз¬лари – майорлар Саъдулла Қаландаров, Абукарим Ўтаров ва подполковник Комил Явбосаровнинг насиҳатларига қулоқ тутди, билмаганларини сўраб ўрганди. Орадан уч йил ўтгач, уни Хива тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси таянч пункти профилактика инспектори вазифасига ўтказишди.
Дастлаб у тумандаги Қумясқа, кейинчалик Сайёд ҳамда Эскиқиёт маҳаллалари осойишталигини таъминлашга хизмат қилди. Ҳудудларда жиноятларнинг ортаётгани ёш профилактика инспекторидан жиддий иш олиб боришни талаб этарди. Шундай ҳам бўлди. Инспектор ишни гиёҳвандлик ҳамда ичкиликка ружу қўйган фуқароларни мажбурий даволаш муассасасига жойлаштиришдан бошлади. Сўнгра муқаддам судланган, жиноят содир этишга мойил шахслар билан тез-тез суҳбатлашиб, профилактик тадбирлар олиб борди, ишга жойлаштиришга ҳаракат қилди. Содир этилган жиноятларни “иссиқ изида” фош этиш чораларини кўрди. Бунда унга маҳалла фаоллари яқиндан ёрдам беришди. Кўп ўтмай самарали ҳамкорлик натижа бера бошлади. Жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликлар содир этилиши йилдан-йилга камая борди.
Кундузги профилактик тадбирлар, тунги навбатчилик фаолиятлари унинг касбий маҳорати, тажрибасини янада оширди. Шундан сўнг унга тумандаги Шомохулум маҳалласи осойишталигини таъминлаш вазифаси юклатилди. Олиб борилган ҳамкорликдаги профилактик тадбирлар натижасида ушбу ҳудудда ҳам жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик¬лар содир этилиши кескин камайди.
Жорий йилнинг ўтган даврида эса жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Шунинг¬дек, у ҳудуддаги икки нафар муқаддам судланган шахсни маъмурий назоратга олган, 195 нафар қонунбузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, 47 нафар фуқаронинг ариза ва шикоятларини қонуний ҳал қилган ҳамда 15 нафар ҳуқуқбузарни профилактик ҳисобга қўйган. Бундан ташқари, маҳаллада истиқомат қилувчи 152 нафар кишини иш билан таъминлашда фаол иштирок этди. Бир сўз билан айтганда, хизматда самарали натижаларга эришаётган майор Тўлқинбек Оллазаров ўтган йил ҳамда жорий йилнинг саккиз ойи якунига кўра, вилоят ҳудудидаги энг фаол профилактика инспекторларидан бири сифатида эътироф этилди.
– Тўлқинбекни маҳалламизнинг каттаю кичиги ўзига дўст, деб билади, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Олтибой Ниёзметов. – Чунки ҳар бир кишининг кўнг¬лига қулоқ тутиб, унга ёрдам беришга, мушкулини осон қилишга интилади. Айниқса, муаммоли мурожаатларни тегишли ташкилотлар билан келишиб, ижобий ҳал этишга интилади. Ундаги фазилатлардан яна бири зиммасидаги топшириқларни қонунийликка қатъий риоя қилган ҳолда бажаради.
Халқ осойишталигини таъминлашдек шарафли вазифада сидқидилдан хизмат қилаётган бу фидойи инсонни кўплаб ички ишлар органлари ходимлари меҳрибон устоз сифатида ҳурмат билан тилга олади. Капитанлар Дилшод Жумабоев, Раҳматжон Явбосаров, катта лейтенантлар Қуронбой Отажонов, Мансур Абдураҳмонов, Умар Сапоев, лейтенант Шодлик Матёқубов сингари осойишталик посбонлари унинг сабоғини олиб, кам бўлмаяпти.
Мақоламиз қаҳрамони хизмат қилаётган Шомохулум маҳалласи жуғрофий жиҳатдан тумандаги энг йирик ҳудудлардан бири. Бу ерда 5464 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада озиқ-овқат дўконлари, дорихоналар, нон ҳамда кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цехлар, автомашиналарга техник хизмат кўрсатиш шохобчалари, тикувчилик цехлари фаолият кўрсатмоқда. Аҳолининг эҳтиёжини ўрганиб чиққан тадбиркорлар маҳалланинг энг қулай ҳудудларида яна турли маданий-маиший объектлар бунёд этмоқда. Бундай ишлаб чиқариш корхоналарининг кўпаяётгани боис ишсизлар сони анча камайиб, жиноят содир этилишига йўл қўйилмаяпти.
Мустақилликнинг 28 йиллик айёми унинг оила аъзолари учун қўшалоқ байрамга айланди: юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашдаги самарали хизматлари учун профилактика катта инспектори, майор Т. Оллазаров Президентимиз фармонига мувофиқ, “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” мухбири.
Суратда: юксак мукофот соҳиби, майор Тўлқинбек Оллазаров маҳалла фаоллари билан.
Муаллиф олган сурат.
Манба: postda.uz