Экспортчилар учун Италияга «study tour» ташкил этилди (+видео)
Сон ҳар доим ҳам сифатни англатмайди. Италиянинг аграр хўжалиги вакиллари шу тамойилга амал қилиб, илмий ёндашувга таянган ҳолда ҳар йили катта хирмон кўтаришади. 2025 йилда бу кўрсаткич тарихий максимумга етиб, қарийб 73 миллиард еврони ташкил этди. Шу боис навбатдаги “study tour” учун айнан Европа Иттифоқининг ушбу давлати танланди. Унда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи 20 га яқин маҳаллий экспортчи тадбиркор иштирок этди.
Италияда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқариш асосан мамлакатнинг 11 та йирик ҳудудида жамланган. Шулардан бири Эмилия-Романья вилояти. Айнан шу ерда мамлакатнинг энг йирик қайта ишлаш кооперативлари фаолият юритади. Тажриба алмашиш дастури доирасида тадбиркорлар ушбу ҳудудда жойлашган 150 йиллик тарихга эга “Salvi” компаниясига саёҳат қилинди.
Бу ҳудудларда дўл доимий ҳолат. Шунинг учун боғлар дўлга қарши тўрлар ва ёмғирдан ҳимоя қилувчи воситалар билан жиҳозланган. Чунки ортиқча ёғингарчилик мева пўстининг ёрилишига сабаб бўлади ва бу маҳсулот экспортига салбий таъсир кўрсатади. Тупроқ унумдорлигини сақлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида эса “ин-витро” усулида етиштирилган кўчатларни афзал билишади.
“Стади тур” доирасида қайта ишлаш жараёнлари билан ҳам яқиндан танишилди. Зеро, қўшимча қиймат айнан шундай корхоналарда кўпроқ ҳосил бўлади.
- Ушбу корхонанинг умумий ишлаб чиқариш қуввати йилига қарийб 370 миллион дона қадоқ маҳсулотини ташкил этади, - дейди корхона технологи Антонелло Кеса. – Шу билан бирга, биз ярим тайёр маҳсулотлар ҳам ишлаб чиқарамиз. Ўйлайманки, сабзавот ва меваларни қайта ишлаш бўйича ушбу тажриба мамлакатингиз учун самарали бўлади. Сабаби ҳар мавсумда етиштириладиган барча маҳслуотни истеъмол қилиб бўлмайди, бироқ қайта ишлаш линиялари бунда яхши ечим бўла олади.
Италия тажрибаси шуни кўрсатдики, ҳосилнинг юқори бўлишига илмий ишланмалар, замонавий технологиялар, самарали қайта ишлаш тизими ва кооперация асос бўлади. Ўзбекистонлик тадбиркорлар учун ушбу ташриф алоҳида ечимлар, боғдан экспортгача бўлган яхлит жараёнлар билан танишиш имконини берди. Энг муҳими, бу тажрибанинг кўплаб жиҳатлари бугун Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳам ўз аксини топмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/tg7VkBFjO8U?si=KyGDR7VfZAZXcOBL" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА