Эко-заковат — экологик билимлар майдони
Бугун инсон ҳаётига турли экологик хавф-хатарлар раҳна солаётган бир пайтда атроф-муҳитни асраб-авайлаш, табиатга зарар етказмаслик чораларини кўриш долзарблашиб бормоқда. Айниқса, инсонларнинг, ёш авлоднинг экологик маданиятини, билим ва кўникмаларини ошириш энг мақбул йўллардан бири экани аён бўлаётир.
"Eco schools Uzbekistan" лойиҳаси доирасида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси билан ҳамкорликда эко-заковат ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳридаги йигирмага яқин мактаб жамоалари иштирок этди.


Эко-заковатда иштирок этган мактабларнинг жамоалари ўзларининг экологик билимлари ва амалий фаолияти билан ўзаро беллашди. Экологияга оид қатор саволларга жавоб топишди. Якуний натижаларга кўра, 1-ўрин Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабга, 2-ўрин Яшнобод туманидаги 61-мактабга, 3-ўрин Тошкент Президент мактабига насиб қилди.


Бу каби лойиҳалар ёш авлод учун яшил ва барқарор келажак яратиш, ёшларда экологик маданиятни юксалтириш, атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш кўникмасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
М.Комилова,
ЎзА