“EJP — Тадбиркорликка парвоз” дастури амалга оширилади (+видео)
Қорақалпоғистон Республикасида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг замонавий билим ва кўникмаларини ривожлантириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш мақсадида халқаро илғор тажрибага асосланган “EJP — Тадбиркорликка парвоз” дастури амалга оширилади.
Мазкур ташаббус Касбий таълим агентлиги томонидан ташкил этилиб, Қорақалпоғистон Республикасидаги касбий таълим техникумлари ўқувчилари ҳамда 16–22 ёшдаги ёшларнинг амалий тадбиркорлик компетенцияларини шакллантириш, истиқболли бизнес ғояларини аниқлаш ва уларни ҳақиқий бозорга олиб чиқиш учун зарур шароит яратишга қаратилган. Дастур доирасида 100 нафардан ортиқ ёшларни жалб этиш режалаштирилган бўлиб, улар орасидан танлов асосида энг салоҳиятли 25 нафар иштирокчи саралаб олинади. Ҳар бир иштирокчи дастурда ўзининг амалий бизнес ғояси билан қатнашади.
Дастур давомида ёшлар ўз ғояларини такомиллаштириш, мижозлар эҳтиёжини ўрганиш, бозор талабларини таҳлил қилиш, қиймат таклифини шакллантириш, бизнес моделини ишлаб чиқиш, молиявий асосларни тайёрлаш ҳамда Lean Validation/MVP орқали ғояни амалиётда синаб кўриш бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўлади.
“EJP — Тадбиркорликка парвоз” дастури бир марталик тадбир ёки танлов сифатида эмас, балки Қорақалпоғистон Республикасида ёшлар тадбиркорлигини тизимли қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи платформа сифатида ташкил этилмоқда. Дастур орқали ёшларнинг ўз бизнес ғояларини мустақил равишда шакллантириш, бозор талабларини ўрганиш, мижозлар билан ишлаш, молиявий режалаштириш, маҳсулот ёки хизматни синовдан ўтказиш ва ўз лойиҳасини омма олдида тақдим етиш бўйича амалий кўникмаларини ривожлантириш кўзда тутилган.
Мазкур ташаббус, айниқса, касбий таълим техникумларида таҳсил олаётган ёшларнинг ўз касбий билимларини тадбиркорлик кўникмалари билан уйғунлаштиришига хизмат қилади.
Муҳайё Турдалиева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА