ЕИ Хитой импорти ўсишига кескин жавоб беришга тайёрланмоқда
Европа Иттифоқи Хитойга нисбатан савдо сиёсатини рекорд даражадаги икки томонлама савдо камомади ва Чин саноат маҳсулотлари импорти тез суръат билан ўсиб бориши шароитида қайта кўриб чиқмоқда. Польшанинг PISM етакчи таҳлил маркази шундай хулоса чиқарган.
ЕИ “Хитойча карахт 2.0” атамасини тобора кўп ишлатмоқда: бу 2000 йиллар бошига ишора бўлиб, ўшанда ХХР экспорти кескин ўсиши Ғарб саноати учун жиддий оқибатга олиб келган эди. Бу гал нафақат арзон товарлар, балки электр транспорт воситалари, қуёш панели, шамол турбинаси, пўлат ва кимёвий моддалар, шунингдек бошқа юқори технологияли маҳсулотлар ҳам нишонга олинмоқда.
“Евростат” маълумотига кўра, ЕИнинг ХХР билан савдо камомади 2025 йил рекорд даражадаги 360 миллиард еврога етди. Сўнгги ўн йилликда Хитойдан импорт 89 фоиз, кўҳна қитъанинг Чин диёрига экспорти эса атиги 37 фоиз ўсган. Брюссель ушбу анъана давом этиши Европа саноатини янада заифлаштириб, иш ўрни камайиши ва корхоналар ёпилишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда.
Европа Марказий банки ҳисоб-китобига кўра, 2015-2022 йиллар оралиғида Хитой билан рақобат туфайли қитъа саноати тахминан 240 000 иш ўрнини йўқотган. Бунинг эвазига ЕИ ҳимоя савдо чорасини кенгайтириш, субсидияланган импортга нисбатан чекловни янада қатъий қўллаш ҳамда таъминот занжирини мустаҳкамлаш учун янги механизм яратиш масаласини кўриб чиқмоқда. Қолаверса, иқтисодиётни Пекин томонидан юзага келтириладиган эҳтимолий иқтисодий босимга чидамлилигини кучайтириш режалаштирилган.
PISM таъкидлашича, сиёсатни қатъийлаштириш осон кечмайди, чунки Хитой товарлари паст нарх туфайли Европа истеъмолчилари орасида талабгир. Демак, чеклов инфляцияни кучайтириши мумкин.
Айни пайт ЕИнинг Хитой таъминотига қарамлиги сақланиб турибди. Айни жиҳат Пекин билан муносабатни кўҳна қитъа учун асосий иқтисодий муаммога айлантирган.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА шарҳловчиси