Коррупцияга қарши курашишни ҳар бир ходим, ташкилот ўзидан бошлаши керак. Шунда жамият ривожига тўсиқ бўлаётган бу иллатга барҳам бериш мумкин.
Ташкилотлардаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини кучайтиришга эътибор қаратилаётганининг боиси ҳам шунда.
Бу давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 апрелдаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган.
Қарор ижроси бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан қандай ишлар амалга оширилади?
– Агентлик Ҳисоб палатаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда бошқа масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар йили давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ташкил этилишини мониторинг қилиб боради, – деди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўринбосари Умед Мавлонов. – Мониторинг натижалари бўйича Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашга ахборот киритади.

Бу соҳадаги ишлар Президент қароридан кейин кучайтирилмоқда. Ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида 2027 йил 1 январгача Соғлиқни сақлаш, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликлари, «Ўзбекнефтгаз» ҳамда «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамиятларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбари лавозимига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари тайинланади.
Ҳуқуқий эксперимент тариқасида жорий этиладиган бу тизимдан кўзланган мақсад мазкур ташкилотларнинг коррупцияга қарши ички назорат тизими фаолиятини кучайтиришдир.
Агентлик мазкур ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаси ходимлари фаолиятининг ҳуқуқий эксперимент давомидаги энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI)ни аниқлайди.
Ҳуқуқий экспериментнинг амалга оширилиши бўйича ҳар ярим йилда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашга ахборот киритилади. Ҳуқуқий экспериментнинг натижаларига қараб 2027 йил 1 январга қадар ушбу тизимни бошқа давлат органлари ва ташкилотларига ҳам татбиқ этиш юзасидан асослантирилган таклифлар тайёрланади.
Айни пайтда шу мақсадда Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари тўғрисидаги намунавий низом тайёрланмоқда.
Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларини лавозимга тайинлаш ва озод этишни Агентлик билан келишиш тартиби, Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ходимлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI)ни тасдиқлаш ва баҳолаш тартиби белгиланмоқда.
Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ходимларининг малакасини ошириш, уларни стажировка ва аттестациядан ўтказиш тартиби тайёрланмоқда.
Уч ой муддатда коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ходимларининг касбий стандартлари ишлаб чиқилади ва белгиланган тартибда тасдиқланади.
2025 йил 1 июлга қадар E-anticor.uz электрон платформасида коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларининг электрон реестрини юритиш йўлга қўйилади.
Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ходимлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш натижалари бўйича ҳар ярим йилда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашга ахборот киритиб борилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА