Дунё тан олаётган ўзбек ёшлари қандай қилиб енгилмас кучга айланмоқда?
Президент билан мулоқотдан сўнг...
Мусиқа ва ҳарбий интизом оҳангдош бўлган жойда чинакам миллий ғурур, юксак маънавият шаклланади. Тошкентдаги муҳташам Олимпия шаҳарчасида бўлиб ўтган Ёшлар куни тантаналари мана шундай юксак туйғулар ва тарихий лаҳзаларга бой бўлди.
Президентимиз фармонига мувофиқ, ўз билими, истеъдоди ва фидокорлиги билан Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ йигит-қизлар “Келажак бунёдкори” медали ҳамда “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.
Бу мулоқот давлат раҳбари ва келажак авлод ўртасидаги самимий, мақсадларга бой суҳбатга айланди. Унда ёш авлод қалбида миллий ўзликни англаш, аждодлар меросига содиқлик ва ватанпарварлик туйғусини шакллантириш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши экани яна бир бор яққол намойиш этилди. Зиёли ва шижоатли ёшларни тарбиялаш кучли жамият пойдеворидир.
Мукофотланганлар сафида ўзининг санъати, ҳарбий масъулияти ва лицей ўқувчиларига миллий ғурур оҳангларини сингдириб келаётган фидокор йигит – Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Ҳарбий мусиқа академик лицейи командири Шуҳратжон Муҳаммадхонов ҳам бор.
Тарихий мулоқотдан сўнг, қалби янги режалар ва юксак шижоатга тўлган ёш командир билан самимий суҳбат қурилди.
– Давлатимиз раҳбари билан бўлган бу галги учрашув биз, ёшлар учун янги давр эшикларини очиб берган жуда катта тажриба мактаби бўлди, – деди Шуҳратжон Муҳаммадхонов. – Очиқ мулоқот, эркин фикр ва ғоялар алмашинуви форматида бўлган тадбир қарийб беш соатдан ортиқ давом этди. Даврада 50 дан ортиқ амалий таклифлар тингланиб, Юртбошимизнинг фарзандларим, мен сизларнинг ёнингизда турибман, дея ишонч билдиришлари жуда катта куч берди. Бу сўзлар ҳатто энг чекка қишлоқларда туриб катта мақсадлар сари интилаётган, “илм оламан, эл-юртим ва ота-онамнинг юзини ёруғ қиламан” деган ҳар бир йигит-қизнинг қалбида Ватанга муҳаббат туйғусини янада алангалатди.
Президентимиз томонидан ҳар пайшанба кунининг “Ёшлар куни” деб белгиланиши, ҳар бир истиқболли лойиҳа ва ташаббуслар маҳаллабай тизимда шахсан қўллаб-қувватланиши тарихий қадамдир. Мутасадди вазирликларга берилган топшириқлар замирида битта улуғ мақсад мужассам. Бу мамлакат тараққиётини фақат интеллектуал ва шижоатли ёшлар билан биргаликда янги босқичга олиб чиқишдир.
Миллий гвардия тизимида, қолаверса, ўзим таҳсил олган Жамоат хавфсизлиги университети ҳамда ҳозир хизмат қилаётган Ҳарбий мусиқа академик лицейида фаолият юритаётган ҳарбийлар энг аввало “Садоқат ва жасорат” тамойилига таянамиз. Бизнинг олий бурчимиз миллат манфаатлари ва халқимизнинг тинч-осуда ҳаётини таъминлашдир.
Шу боис, лицейимиз ўқувчиларига нафақат ҳарбий интизом ва мусиқа сирларини, балки чинакам миллий ғурурни сингдиришни бош мақсад қилганмиз. Буюк аждодларимиз билан фақат фахрланиш кифоя қилмайди. Уларга муносиб ворис бўлиш масъулиятини ҳар бир ёш қалб чуқур англаши шарт. Миллий ғурур мана шу англаш ва масъулиятдан бошланади.
Бундан икки йил аввал, яъни 2024 йилнинг август ойида давлатимиз раҳбари Жамоат хавфсизлиги университетига ташриф буюрганларида, маънавий-маърифий тадбирда “Жадидлар қасидаси”ни ижро этган эдим. Ўшанда давлатимиз раҳбари ижодимни кузатиб, “Келгусида бу йўналишни янада ривожлантиргин” деб мени руҳлантирган эдилар. Мана, орадан икки йил ўтиб, шахсан ўзларининг қўлларидан юксак давлат мукофотини қабул қилиб олдим. Бу устозларим ва ота-онамнинг берган тарбиясига, меҳнатимизга берилган олий баҳодир.
Бундан кейин ҳам юртимиз матонати ва маънавий нафосатини тараннум этувчи янги қўшиқлар, юксак асарлар яратишда давом этамиз.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири