Дунё сайёҳларига тавсия этилган манзиллар орасида Тошкент ҳам бор
Тошкент ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Condé Nast Traveler томонидан июнь ойида саёҳат қилиш учун энг яхши йўналишлар қаторига киритилди
Дунё миқёсида саёҳат ва маданият мавзуларини ёритувчи нуфузли нашрлардан бири бўлган Condé Nast Traveler Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри ҳамда мамлакатда барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини июнь ойида ташриф буюриш тавсия этиладиган энг яхши манзиллар қаторига киритди. Журналнинг “The Best Places to Visit in June, From Route 66 to Uzbekistan” номли материалида ушбу йўналишлар жаҳон бўйлаб саёҳатчилар учун эътиборга молик маданий ва тарихий маконлар сифатида қайд этилган.
Нашрда таъкидланганидек, Тошкент Марказий Осиёдаги энг йирик шаҳарлардан бири бўлиб, унинг тарихий тараққиёти давомида турли цивилизациялар таъсири муҳим ўрин тутган. Буюк Ипак йўли давридан бошлаб араб сулолалари даври ва кейинги тарихий босқичларгача бўлган маданий таъсирлар шаҳарнинг бугунги архитектурасида ҳам ўз аксини топган. Шу боис пойтахтда Ипак йўли даври ёдгорликларининг машҳур кўк гумбазлари билан бир қаторда совет модернизмига хос ифодали меъморий шакллар ҳам ёнма-ён мавжуд бўлиб, шаҳар қиёфасида тарихий қатламларнинг уйғунлигини намоён этади.
Condé Nast Traveler нашри мақоласида, айниқса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига алоҳида эътибор қаратилган. Муаллифлар ушбу йирик маданий-маърифий мажмуа ислом маданияти, илм-фан ва маънавий мерос тарихи билан боғлиқ бой маълумотларни қамраб олувчи музей, кўргазма ва таълим майдонларини ўз ичига олишини таъкидлайди. Нашр фикрича, мазкур марказнинг барпо этилиши Ўзбекистоннинг жаҳон маданий саҳнасидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ташаббус ҳисобланади.
Шу билан бирга, мақолада Тошкентда замонавий маданий муҳитнинг фаол ривожланаётгани ҳам алоҳида қайд этилган. Хусусан, пойтахтда Замонавий санъат марказининг очилиши ҳамда шаҳарнинг тарихий маҳаллаларида халқаро бадиий резиденцияларнинг пайдо бўлаётгани маданий ҳаётнинг янада жонланаётганидан далолат сифатида кўрсатилган.
Тошкент шаҳри ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Condé Nast Traveler томонидан тавсия этилган саёҳат йўналишлари қаторига киритилиши ушбу мажмуа ҳақидаги маълумотлар дунёдаги қатор нуфузли нашрларда ҳам эълон қилингани билан янада аҳамият касб этмоқда. Жумладан, Smithsonian Magazine, BBC Travel, BBC History ва National Geographic каби халқаро оммавий ахборот воситаларида ҳам мазкур марказ ҳақидаги материаллар чоп этилган.
Бундай эътирофлар Ўзбекистондаги Ислом цивилицияси марказини жаҳон миқёсидаги йирик музей ташаббуслари билан бир қаторда кўрсатмоқда. Улар қаторида Лос-Анжелес шаҳридаги Lucas Museum of Narrative Art, Вашингтондаги National Geographic Museum of Exploration ҳамда Лондондаги London Museum каби муассасалар тилга олинади.
Тошкент ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро нашр томонидан июнь ойида саёҳат қилиш учун тавсия этилган йўналишлар рўйхатига киритилиши жаҳон ҳамжамиятининг мамлакат маданий меросига бўлган қизиқиши ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди. Бу эса Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги муҳим маданий ва туристик марказ сифатидаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Condé Nast Traveler саёҳат ва маданият соҳасидаги энг таъсирли халқаро нашрлардан бири ҳисобланади. У 1987 йилда АҚШда ташкил этилган бўлиб, Condé Nast медиа холдинги таркибига киради. Мазкур холдинг шунингдек Vogue, The New Yorker ва GQ каби машҳур журналларни ҳам нашр этади. Condé Nast Traveler журнали ойлик ҳисобда 16 миллиондан ортиқ глобал ўқувчилар аудиториясига эга бўлиб, жаҳон туризм индустрияси учун муҳим йўналтирувчи манбалардан бири сифатида тан олинган. Нашр халқаро саёҳат ва маданий туризм соҳасида кун тартибини шакллантиришда алоҳида аҳамият касб этади.
Тошкент шаҳри ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Condé Nast Traveler нашри томонидан июнь ойида саёҳат қилиш учун энг яхши манзиллар қаторига киритилиши мамлакатнинг бой тарихий ва маданий меросига бўлган халқаро қизиқиш ортиб бораётганини яна бир бор намоён этди.
Бу эътироф нафақат Тошкентнинг маданий салоҳиятини, балки Ўзбекистоннинг глобал туризм ва маданий мулоқот майдонидаги ўрнини ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
М.Эшмирзаева, ЎзА