Дунё эътироф этган ўзбек карикатурачиси (+видео)
Янги йилнинг илк кунлари Япониядан хушхабар келди. Карикатурачи рассом Маҳмуджон Эшонқулов халқаро ҳайъатнинг қарори билан тақдирланибди. Бундан сал аввалроқ эса ўзбек карикатурачиси дунёнинг энг машҳур ўн нафар рассомларидан бири, деб эътироф этилганди.
– Норвегиянинг Осло шаҳрида сиёсий карикатуралар ва рассомлар фаолиятини баҳоловчи ҳайъат бор. Улар ҳар йили дунёнинг 10 та карикатураси ва рассомини тақдирлайди. 2025 йил натижаларига кўра, улар орасида мен ва менинг “Болалар ва уруш” деб аталган суратим ҳам бор эди, – дейди Маҳмуджон Эшонқулов.

Замона мураккаблашиб бормоқда. Ҳар ер - ҳар ерда отилган ўқдан инсонлар, болалар ҳалок бўлмоқда. Рассом Маҳмуджон Эшонқулов дарс тайёрлаётган болакай ортида турган учта қуролланган ҳарбийнинг хавотирли сиймосини чизган. Қуёш эса қизил эмас, қора рангда. Бундай ишора ва фалсафа давр нафасининг қаламдаги аниқ ифодаси деб топилди ва муаллиф дунёнинг топ ўнталигига киритилди.

Аслида ўтган йилларда Маҳмуджон ака карикатуралари Хитой, Туркия, Словения, Россия каби кўплаб мамлакатларда бўлиб ўтган танлов ва кўргазмаларда юқори баҳо олди. Бу асарлар билан унинг ҳамюртлари бемалол таниша оладилар. Дарвоқе, Ўзбекистонда карикатуралар галереяси борлигини биласизми? Билмасангиз, билиб олинг. Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида иқтидорли рассом Маҳмуджон Эшонқуловнинг карикатуралар галереяси 2024 йилдан буён ишлаб турибди.

Аслида карикатура ҳаётда учрайдиган камчиликларни ҳажв қилади. Одамларни эзгулик, ҳалоллик ва ватанпарварликка ундайди.

– Менинг мақсадим одамлар расмлардан ҳам маънавий озуқа олишини хоҳлайман. Карикатура сатира билан боғлиқ. Танқид бўлганидан кейин ,албатта, жамият соғломлашади. Камчиликлар бартараф этилади. Менинг расмларимда ҳам танқидий муносабатлар бор. Лекин уларни кўриб ҳам куласи, ҳам куясиз, – дейди рассом.



Шу ўринда яна бир гапни айтмасак бўлмас. Ўзбекистонда ягона бўлган карикатура галереяси жамоатчилик асосида фаолият кўрсатади. Унинг на ўз биноси, на ҳақ тўланадиган иш бирлиги бор. Ўзбекистон Бадиий академияси ёхуд вилоят ҳокимлиги уни доимий фаолият юритадиган ўз эгалик мақомидаги бино билан таъминлаб, бир нафар бўлсада иш юритувчи-тарғиботчи лавозимини таъсис этса, бадиий тафаккур ривожига ҳисса қўшилган бўлармиди...
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/v2wXtZX4p-g" title="Dunyo e’tirof etgan o‘zbek karikaturachisi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА