Дунё бўйлаб ҳилпирайди байроғимиз
28 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг тантана қилиняпти.
Фарғона вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун кенг нишонланмоқда.
Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва ардоқли саналади. Боиси уларда Ватаннинг суврати, меҳру таровати, халқнинг мардонавор ўтмиши, бугунги фидокорлиги ва истиқболи баралла намоён бўлади. Ўзбекистон суверенитетини белгилайдиган рамзлар орасида Давлат байроғи алоҳида ўрин тутади. Зеро, байроқ халқнинг ўтмиши ва бугуни, мустақиллиги, тинчлиги ва барқарорлигининг тимсолидир.
Давлатимиз байроғида акс этган ҳар бир ранг, белги юртимизнинг бой тарихи, миллий давлатчилигимиз, бебаҳо қадриятларимизни, ватанимизнинг буюк келажагини ифода этади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради. Бугун байроғимиз қабул қилинганлигининг 28 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг тантана қилиняпти.
Фарғона шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб давлатимиз байроқларини кўтарган бир гуруҳ фаоллар, ҳарбийлар, кўрик-танловлар ва жаҳон чемпионатлари ғолиблари ва ёшларнинг ҳарбий оркестр жўрлигида юриши барча юртдошларимиз кўнглини фахр ва ифтихор туйғуларига тўлдирди.
Асосий байрам тантаналари Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройи хиёбонида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон халқ шоири Э.Сиддиқова, Ўзбекистон халқ артисти Ё.Аҳмедов ва бошқалар миллий байроғимиз давлат ва жамият ҳаёти, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳамда ролини кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди.
– Байроғимизга кўзим тушган чоғ қалбимни ҳаяжон эгаллайди, – дейди бокс бўйича жаҳон чемпиони Миразиз Мирзахалилов. – Жаҳон ареналарида Ўзбекистон байроғини баланд кўтарилган пайтдаги туйғуларни сўз билан ифодалаш қийин. Давлат байроғи ор-номусимиз, шон-шавкатимиздир. У бизнинг ғолиблигимиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва асло кам бўлмаслигимизни яққол намоён қилади.
Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиларининг Ватан, дўстлик ва тинчликни тараннум этувчи шеърлари, эстрада хонандаларининг концерт дастури намойиш этилди.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.