Дўстлик, ҳамжиҳатлик, санъат оқшоми
Мамлакатимизда дўстлик, ҳамжиҳатлик ва санъат байрами сифатида ўтказилаётган “Тожикистон маданияти ва кино кунлари” доирасида Тошкент шаҳридаги “Туркистон” санъат саройида қардош халқ санъаткорлари иштирокида катта концерт дастури бўлиб ўтди.
Мазкур концертга санъат мухлислари, ижодкор зиёлилар, миллий маданият марказларининг фаоллари, талаба-ёшлар, турли миллат ва элат вакиллари таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари Муроджон Мажидов, Тожикистон Республикаси маданият вазири Матлубахон Сатториён бугунги кунда халқларимиз ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги тараққиёт босқичига чиққани, бунда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги келишув ва мулоқотлар муҳим асос бўлиб хизмат қилаётганини эътироф этди.
Тожик мусиқий санъати қардош халқнинг асрлар оша шаклланган қадимий анъаналарини ўзида мужассам этгани билан аҳамиятли. Концерт давомида тожик миллий мусиқасининг бетакрор намуналари санъат ихлосмандлари эътиборига ҳавола этилди.

Ушбу концерт дастури санъат чегара ва сарҳад билмаслиги, халқларимиз азалдан тинчлик, тараққиёт, дўстлик ва ҳамжиҳатликдек улуғвор ғоялар йўлида ҳамқадам, ҳаммаслак бўлиб келаётганини яна бир карра намоён этди.
Назокат Усмонова, ЎзА