Айни пайтда АҚШ етакчиси Дональд Трамп номидаги Тинчлик институтида Тинчлик кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Тадбирда Трамп кириш нутқи сўзлади.
— Тадбир қатнашчиларига катта раҳмат, бу муҳим кун ва бизни кўп одамлар кузатмоқда. Қатор мамлакатлар раҳбарлари ҳозир шу ерда, бизда раҳбарлар гуруҳи бор, яна кўпчилик эса Zoom орқали кузатмоқда, — деди Трамп. — Сизлар қилаётган ишларимизга ҳурмат билан ёндашдингиз. Бизнинг қилаётган ишимиз жуда оддий — бу “тинчлик кенгаши” деб аталади. Айтиш осон, аммо амалга ошириш қийин бўлган сўз.

АҚШ раҳбари айтишича, мамлакатлар тарихидаги муҳим воқеалар рўй бермоқда, чунки саккизта уруш ҳал қилинди ва яна бирини ҳал қилиш олдида турибмиз.
— “Тинчлик кенгаши” энг муҳим ва таъсирли ишлардан бири деб ўйлайман. Бу ердаги одамлар билан бирга кўп ишлаяпмиз. Урушларни тугатишда ҳамкорлик қилдик. Айрим урушлар 32 йил, 34 йил, ҳатто 37 йил давом этган. Бу жуда узоқ вақт. Аммо биз уларнинг ҳар бирини тахминан икки кун ичида тугатдик, — деди Трамп.
Трамп ҳар бир етакчини алоҳида эътироф этди. Жумладан, давлатимиз раҳбарини ўзгача кайфият билан таништирди.

— Президент Мирзиёев, Ўзбекистондан. У менинг дўстим. Мамлакатингиз жуда яхши ривожланмоқда. Ўзингиз ҳам аъло даражада иш олиб боряпсиз. Ҳар сафар Сиз билан учрашганимизда ҳеч қандай муаммо йўқ, — деди АҚШ етакчиси.

Йиғилишда муҳокама қилинаётган асосий мавзулар орасида Ғазо секторини қайта тиклаш ва ҳудудга гуманитар ёрдам беришни молиялаштириш масалалари бор.
Б.Худойбердиев, ЎзА