“Дийдор“да дилларга қувонч улашилди
Мамлакатимизда 3 декабрь – Халқаро ногиронлар кунини кенг нишонлаш учун жорий йилнинг 30 ноябридан 30 декабрига қадар ўтказилаётган меҳр-мурувват ойлиги доирасида Сурхондарё вилоятида ҳам байрам тадбирлари ташкил этилмоқда.
Мамлакатимизда 3 декабрь – Халқаро ногиронлар кунини кенг нишонлаш учун жорий йилнинг 30 ноябридан 30 декабрига қадар ўтказилаётган меҳр-мурувват ойлиги доирасида Сурхондарё вилоятида ҳам байрам тадбирлари ташкил этилмоқда.
“TOʻPALANG HPD HOLDING” масъулияти чекланган жамияти томонидан Сариосиё кўзи ожизлар ўқув-ишлаб чиқариш корхонаси ишчи-хизматчилари учун ташкил этилган байрам дастурхони ҳам иштирокчиларга бир олам қувонч бағишлади.
“Дийдор“ тўйхонасида бўлиб ўтган тадбирда Сариосиё тумани ҳокими Ў.Тўраев ва бошқалар кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар халқ манфаатларини таъминлаб, имконияти чекланган фуқароларни ҳам ҳар тарафлама ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашида муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади.
Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Бу жараёнда уларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиб, уй-жой билан таьминлаш, меҳр-мурувват кўрсатиб, моддий кўмак бериш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш каби улуғ фазилатларимиз янада кенг намоён бўлмоқда.
Сариосиё кўзи ожизлар ўқув-ишлаб чиқариш корхонасида икки юзга яқин киши меҳнат қилади. Уларнинг саксонга яқини кўзи ожиз инсонлардир.
– Имкониятимиз чекланган бўлса ҳам яратилган шароитлардан фойдаланиб ҳалол меҳнат қиляпмиз, – дейди корхона раҳбари Ш.Хўжаев. – Кўрпа-тўшак ва бошқа енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариб, юртимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшяпмиз. Сўнгги йилларда ҳар тарафлама кўрсатилаётган эътибор бизни янада унумлироқ ишлашга рағбатлантираётир. Турли байрамлар арафасида давлат, жамоат ташкилотлари, тадбиркорлар вакиллари йўқлаб, ҳолимиздан хабар олаётгани, меҳр-мурувват кўрсатаётганидан беҳад мамнунмиз.
Тадбирда бир гуруҳ иштирокчиларга туман ҳокимлиги ва “TOʻPALANG HPD HOLDING” масъулияти чекланган жамиятининг қимматбаҳо совғалари топширилди. Тўкин дастурхон ва санъаткорларнинг дилтортар куй-қўшиқлари даврага ўзгача файз улашди.