Депутат аҳоли вакиллари орасида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишмоқда.
Жумладан, парламент қуйи палатаси вакили, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Дилноза Азизова Наманган вилоятининг Давлатобод туманида жойлашган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида очилган “Меҳрли мактаб” ўқувчилари билан учрашди. Депутат масканда ташкил этилган махсус боғча фаолияти билан танишиб, онкологик касалликлар билан даволанаётган болажонлар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказди. Депутат томонидан мактаб кутубхонаси учун уч тилда нашр қилинган 60 дан ортиқ бадиий китоблар тақдим этилди.

Наманган муҳандислик-қурилиш институтида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Дилноза Азизова ва Даврон Орипов ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Мулоқотда институт ректори Шарифжон Эргашев жойларда депутатлар ва сенаторлар билан бўлиб ўтаётган учрашувлар, уларнинг аҳамиятига тўхталди.

Парламентнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Д.Азизова ушбу йўналишдаги янгиликлар, хусусан, тайёрланаётган Сув кодексининг муҳим жиҳатларига эътибор қаратди. Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Даврон Орипов эса қонунларни кўриб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари, уларнинг мамлакат ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўз юритди.

Депутат Чортоқ туманидаги канал қурилиши ишлари ва ирригация фаолияти билан яқиндан танишди. Кесканёр маҳалласи ҳудудидан Ойқирон маҳалласигача оқиб ўтувчи оралиқдаги 16 километр қисмининг хавфли кўтарма ва ярим кўтарма ҳамда филтрацияси юқори бўлган қисмларидан 5 минг 400 метрида бетонлаш ишларини бажариш режалаштирилган ва ҳозирги кунда бетонлаш Айқирон насос станцияси ҳудудида давом этмоқда.

Ҳозирда “Норин-Сирдарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфидаги Чортоқ тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси томонидан бу борадаги вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА