"Даврага кел, дугонажон!" тадбири ўтказилди
Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан "Даврага кел, дугонажон!" маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Қизларни илм-фан, касб-ҳунар, ахборот технологиялари, спорт ва ижодга кенг жалб этиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ҳамда ҳаётий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган мазкур лойиҳа ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, мустақил фикрлайдиган ва ташаббускор авлодни тарбиялашга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамият касб этди.
Тадбир доирасида мотивацион учрашувлар, соҳа мутахассислари иштирокида очиқ мулоқотлар, IT ва STEM йўналишлари бўйича амалий машғулотлар, спорт мусобақалари ҳамда ижодий танловлар ташкил этилди. Шунингдек, ҳуқуқий, тиббий ва психологик саводхонликни оширишга қаратилган машғулотлар ўтказилиб, эрта никоҳ, эрта оналик, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга оид масалалар муҳокама қилинди.
— Ҳар бир қиз ўз орзуси ва иқтидорини рўёбга чиқариши учун муносиб шарт-шароит яратиш устувор вазифаларимиздан биридир. “Даврага кел, дугонажон!” лойиҳаси қизларни илм-фан, касб-ҳунар, ижод ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда мустақил ҳаётий позициясини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бугун билим олишга интилган, ўз устида ишлаётган ва ташаббускор ҳар бир қиз эртага мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган малакали мутахассис, тадбиркор ёки раҳбар бўлиб етишади. Шунинг учун ҳар бир қизнинг иқтидори ва орзу-интилишини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратамиз, — дейди Ширин шаҳар ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Дилдорахон Умарова.

Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати иштирокчиларнинг ҳуқуқий, тиббий ва психологик саводхонлигини оширишга қаратилган мулоқотлар бўлди. Мутахассислар соғлом турмуш тарзи, шахсий хавфсизлик, эрта никоҳ ва эрта оналикнинг салбий оқибатлари, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш масалалари юзасидан амалий тавсиялар бериб, иштирокчиларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарди.
Тадбир якунида қизлар илм-фан, касб-ҳунар, ижод ва спорт соҳаларидаги қобилиятларини намоён этиб, ўз ғоя ва ташаббуслари, келгуси мақсадлари билан ўртоқлашди.

— Бу каби маънавий-маърифий тадбирлар қизларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, лидерлик қобилиятини шакллантириш ва Ватан тараққиётига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Шу боис бундай лойиҳалар қамровини янада кенгайтириш ва уларга кўпроқ ёшларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратамиз, — деди Дилдорахон Умарова.
Тадбир яна бир бор иқтидорли ва билимли қизларни қўллаб-қувватлаш, улар учун ўз имкониятларини намоён этишга хизмат қиладиган муҳит яратиш мамлакатнинг барқарор тараққиёти ва Янги Ўзбекистон келажагига қаратилган энг муҳим сармоялардан бири эканини намоён этди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири