Давлат харидларида шаффофлик ва рақобатни ошириш бўйича янги вазифалар белгиланди
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигида Агентлик директори раҳбарлигида йирик давлат корхоналари ҳамда давлат харидларининг электрон тизими операторлари иштирокида давлат харидлари, саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш соҳаларидаги долзарб масалаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда давлат харидлари тизимининг бугунги ҳолати атрофлича таҳлил қилиниб, йирик давлат буюртмачиларининг харид фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда соҳада мавжуд муаммоларни тизимли бартараф этиш юзасидан фикр алмашилди.

Муҳокамалар давомида давлат харидлари мониторинги натижалари кўриб чиқилиб, харидларни режалаштириш ва ташкил этиш сифатини янада такомиллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шартномалар ижроси интизомини мустаҳкамлаш ҳамда давлат харидларига оид маълумотларни электрон тизимларда ўз вақтида ва тўлиқ юритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, давлат харидлари жараёнларининг очиқлиги, шаффофлиги ва рақобат муҳитини кучайтириш, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш ҳамда маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда йирик давлат буюртмачиларининг амалий тажрибаси ва таклифлари эшитилиб, давлат харидлари, маҳаллийлаштириш ва саноат кооперацияси соҳаларида учраётган муаммоларни ҳамкорликда ҳал этиш, янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий саноат корхоналарининг имкониятларини янада кенгайтириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Йиғилиш якунида давлат буюртмачилари билан очиқ ва тизимли мулоқотни изчил давом эттириш, мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиш, давлат харидлари тизимининг самарадорлиги, шаффофлиги ва рақобатбардошлигини янада оширишга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилди. Таъкидланганидек, мазкур вазифаларнинг изчил амалга оширилиши давлат харидлари тизимини такомиллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий иқтисодиёт барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА