Давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини кучайтириш қай даражада муҳим?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармон “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғояни амалда рўёбга чиқариш, аҳолининг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштироки кўламини кенгайтириш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини ўрнатиш, шунингдек, давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида қабул қилинган.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси (кейинги ўринларда – Жамоатчилик палатаси) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жамоатчилик палаталари (кейинги ўринларда – ҳудудий жамоатчилик палаталари) ташкил этилиши белгиланган.
Қайд этилган фармонинг ўзига хос хусусияти шундаки унда янги ташкил этилаётган Жамоатчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида давлат, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг замонавий шаклдаги тизимли ҳамда самарали мулоқотини йўлга қўйиш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштиришга ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этишга кўмаклашиш, аҳоли фикрини тизимли ўрганиб бориш орқали жойларда ва соҳаларда аҳолини, фуқаролик жамияти институтларини ҳамда жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва уларни одилона ечимини топишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари ўз ривожланиш даражасига кўра юридик илм-фан ҳамда замонавий илмий ривожланиш тенденциялари билан ўзаро интеграцияси таъминланмаган. Шу боис Жамоатчилик палатасига ўз фаолиятида илмий-эксперт гуруҳлари иштирокида фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги даражасини баҳоловчи кўрсаткичларни ишлаб чиқиш муҳим вазифа этиб белгиланмоқда. Бундан ташқари, Жамоатчилик палатасига Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, улар билан амалий ва самарали ҳамкорлигини йўлга қўйишга кўмаклашиш ҳамда мазкур масала бўйича жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш, давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини кучайтириш, уларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш назарда тутилган.
Жамият ва давлат олдида турган фуқароларни қийнаётган ҳал этилиши лозим бўлган долзарб муаммоларни, энг аввало ҳуқуқий жиҳатидан қонун ҳужжатларида ўз ечимини топишга эришиш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис фармонда мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта долзарб масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Жамоатчилик палатасида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилмоқда.
Мамлакатимизда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш орқали улар фикрларини ўрганиш, таҳлил этиш муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун Жамоатчилик палатасига норма ижодкорлиги сифатини тубдан яхшилашга кўмаклашиш, фуқaрoлaр, нoдaвлaт нoтижoрaт тaшкилoтлaри, oммaвий axбoрoт вoситaлaри вaкиллaри вa блогерларни долзарб мавзулардаги муҳoкaмaларга қизиқтириш ва жaлб этиш ҳамда мазкур масалаларга оид амалий таклифлар ишлаб чиқиш назарда тутилган. Айниқса, бунда “жамоатчилик эшитуви”, “жамоатчилик экспертизаси”, “жамоатчилик мониторинги” каби таъсирчан замонавий назорат шаклларини амалда жорий этиш орқали жамоатчилик назоратининг самарали тизимини амалга ошириш белгиланмоқда.
Кузатувлар шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга халқимиз ва кенг жамоатчилик бефарқ бўлмай, балки дахлдорлик туйғуси орқали бу жараёнларда бевосита ва фаол иштирок этмоқда. Шу сабабли амалга оширилаётган ислоҳотлар ва давлат дастурларининг жойларда ва соҳаларда ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши устидан жамоатчилик мониторингини самарали амалга ошириш, чинакам “халқ дипломатияси” институтини ривожлантириш Жамоатчилик палатасининг асосий йўналишлардан бири сифатида кўрсатилган.
Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органлари ҳисобланади. Фармонда бевосита Жамоатчилик палатаси таркибини шакллантириш масалалари ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, Жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 50 нафар аъзодан иборат бўлиб, Жамоатчилик палатасининг 18 нафар аъзоси фармонда кўрсатилган талаблар асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, 18 нафар аъзоси белгиланган тартибда Жамоатчилик палатаси қарорига асосан аъзо этиб қабул қилинади. Шунингдек, Жамоатчилик палатасининг 14 нафар аъзоси ҳудудий жамоатчилик форумларида тавсия этилган кенг жамоатчилик вакилларидан шакллантирилади ва улар лавозими бўйича ҳудудий жамоатчилик палаталари раислари ҳисобланади. Бундан ташқари, ҳудудий жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 21 нафар аъзодан иборат бўлади.
Эътиборли томони шундаки, фармонда Жамоатчилик палатасининг ва ҳудудий жамоатчилик палаталарини шаклантиришнинг барча тартиб-таомиллари билан боғлиқ масалалар ўз ифодасини топган. Жумладан, Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари аъзоларининг ваколат муддати Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталарининг биринчи умумий йиғилишлари ўтказилган кундан бошлаб, 3 йил этиб белгиланиши назарда тутилган.
Фармоннинг 8-бандига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг “Mening fikrim” веб-порталини Жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказиш белгиланган. Назаримизча, келажакда ушбу портал негизида Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча нодавлат ва нотижорат ташкилотлар ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ва мониторингини юритиш ҳамда улар фаолияти тўғрисидаги рақамлаштирилган электрон маълумотлар базасига эга бўлган “Ўзбекистонда ННТ ва фуқаролик жамияти институтлари” деб номланган ягона рақамлаштирилган электрон платформани ишлаб чиқилиши ва амалиётга самарали жорий этилиши мақсадга мувофиқ.
Таъкидлаш лозимки, Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталарининг ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларига эришиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашлари ва бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилган. Бунда давлат ҳокимияти ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари билан нодавлат нотижорат ташкилотларининг мустақиллиги ва улар фаолиятига аралашмаслик принципларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга ошириш белгиланган.
Жамоатчилик палатаси ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузаларни тақдим этиши назарда тутилган.
Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталарининг таъсирчан иш фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Жамоатчилик палатаси сўрови институти жорий этилмоқда. Унга кўра, Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари давлат органлари ва ташкилотларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан Жамоатчилик палатаси сўровини юбориш ҳуқуқи тақдим этилмоқда. Бунда давлат органлари ва ташкилотлари сўровга жавобни, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, у олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши кераклиги белгиланмоқда.
Фармонда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Ушбу қонунда жамоатчилик палатаси фаолиятининг ҳуқуқий асослари, жамоатчилик палатасининг мақсад ва вазифалари, ҳуқуқ, мажбуриятлари ва функциялари, жамоатчилик палатаси таркибини шакллантириш тартиби, жамоатчилик палатаси аъзоси мақоми, фаолияти кафолатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, улар ваколатини тўхтатиш ва тугатиш тартиби, масаласи бўйича Жамоатчилик палатаси билан келишилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари қатъий турлари, жамоатчилик палатасининг давлат органлари ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги ҳамда жамоатчилик палатаси фаолиятини молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш тартиби билан боғлиқ масалалар назарда тутилиши белгиланган.
Хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда ҳолда айтиш мумкинки келажакда қабул қилиниши кутилаётган ушбу қонунни Жамоатчилик палатаси фаолиятини тўғридан-тўғри тартибга соладиган қонун даражасида қабул қилиш зарур ва унда қуйидаги айрим масалалар ҳам ўз ифодасини топиши лозим:
биринчидан, Жамоатчилик палатаси ҳамда ҳудудий жамоатчилик палаталари таркибини шаклантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари тегишли ҳуқуқий принципларга қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилишини мустаҳкамлаш;
иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси аъзоларининг одоб-ахлоқ кодексига риоя этишлари билан боғлиқ мажбурий талаб биргина нормада қонун даражасида мустаҳкамланса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу эса ўз навбатида, келажакда қабул қилиниши мумкин бўлган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси аъзоларининг одоб-ахлоқ кодекси” ишлаб чиқилишига ҳуқуқий замин яратишга хизмат қилади;
учинчидан, қонунда қандай шахслар Жамоатчилик палатаси ҳамда ҳудудий жамоатчилик палаталари аъзоси бўлиши мумкинлиги ва улар номзодларига қўйиладиган талаблар ҳамда қандай шахслар Жамоатчилик палатаси ҳамда ҳудудий жамоатчилик палаталари аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги ва унинг мезонларини аниқ белгилаш лозим;
тўртинчидан, жамоатчилик палатаси аъзоси мақоми билан жамоатчилик палатаси мақоми ўзаро фарқланади. Шу боис Жамоатчилик палатаси ҳамда ҳудудий жамоатчилик палаталари органларининг мақоми, уларни шакллантириш тартиби билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилса яхши бўлар эди;
бешинчидан, Жамоатчилик палатаси ҳамда ҳудудий жамоатчилик палаталарига аъзолик билан боғлиқ чекловлар ва унинг мезонларини қонун даражасида аниқ мустаҳкамлаш лозим;
олтинчидан, Жамоатчилик палатаси ҳамда ҳудудий жамоатчилик палаталарига аъзоларининг унинг ишида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари ишида ҳудудий жамоатчилик палаталари аъзоларининг иштирокини тартибга солиш билан боғлиқ масалалар, тартиб-таомиллар аниқ мустаҳкамланиши зарур. Бунда ишини ташкил этишнинг шакллари билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш даркор;
еттинчидан, қонунда Жамоатчилик палатаси ҳамда ҳудудий жамоатчилик палаталари қарорлари ва уларнинг турлари, шакллари ва мазмунига қўйиладиган талаблар аниқ мустаҳкамланиши лозим;
саккизинчидан, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик палатасининг жамоатчилик экспертизаси натижалари бўйича хулосалари оид масалалар.
Хулоса қилиб айтганда келтирилган таклифларнинг қабул қилиниши келажакда қабул қилиниши кутилаётган қонун мазмунини янада бойитишга ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда жамият ва давлат манфаатларини самарали ҳимоя қилишда Жамоатчилик палатасини давлат ҳокимияти бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги ва жамоатчиликка ҳисобдорлигини оширишда муҳим ўрин тутади.
Жамолиддин АБДУРАҲМОНХЎЖАЕВ, Тошкент давлат юридик университети
доценти, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)