Энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, ҳамда соҳада шаффофликни таъминлаш бугунги куннинг устувор вазифаларидан биридир.
Шу боис, сўнгги йилларда мазкур йўналишда назорат ишлари кучайтириляпти. Мутасадди идоралар томонидан мунтазам ўтказилаётган текширувлар давомида давлат мулки – энергия ресурсларини талон-торож қилиш, фойда орттириш мақсадида йўл қўйилаётган қонунбузарлик ҳолатлари аниқланмоқда ва уларга нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” ахборот хизмати раҳбари Наврўзбек Норбоевнинг маълум қилишича, бугунги кунда энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш борасида жиддий чоралар кўрилмоқда.
– Яқинда амалга оширилган тезкор тадбирларда яна бир қатор қонунбузарлик ҳолатлари фош этилди, — деди Н.Норбоев. — Хусусан, Андижон вилояти Андижон туманидаги “Терактаги” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “U.P.” МЧЖга қарашли АЁҚШда сотилаётган дизел ёқилғисидан намуналар олиб, лабораторияда таҳлил қилинди. Натижада ушбу ёқилғи давлат стандартларига жавоб бермаслиги, яъни сифатсиз экани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қонунига асосан ҳисоб-китоб ишлари олиб борилиб, мазкур жамиятга нисбатан 67,3 миллион сўм миқдорида иқтисодий санкция қўлланилди.
Шунингдек, Фарғона вилоятининг Фарғона туманидаги Новкент шаҳарчасида жойлашган “F.P.S.” МЧЖга тегишли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати фош этилди. Текширув давомида газ истеъмоли ҳажмини сунъий равишда камайтириш мақсадида ўлчов тизимидаги патрубканинг ички қисмига давлат стандартларига зид равишда ташқи таъсир ўтказилгани аниқланди.
Ҳисоб-китобларга кўра, давлат манфаатларига етказилган зарар 4 миллиард 193 миллион сўмни ташкил қилган. Айни пайтда мазкур ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, давлат мулкига хиёнат қилганлар жазодан четда қолмайди. Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига қарши курашишда ҳар бир фуқаро ва тадбиркор ўз масъулиятини ҳис этмоғи зарур.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА