Давлат мукофоти совриндори – мактаб фахри
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 3 март куни қабул қилинган “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, юксак мукофот билан тақдирланганлар қаторида самарқандлик Гулҳаё Анорова ҳам бор.
Гулҳаё 1998 йилда Оқдарё туманида туғилган ва айни пайтда Пастдарғом туманида истиқомат қилади. У маълум муддат Самарқанд шаҳридаги Ватанпарвар маҳалласида комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим сифатида фаолият кўрсатган бўлса-да ҳозир Пастдарғомдаги 52-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга сабоқ бериб келмоқда.

Бугун ушбу таълим муассасасида Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси иштирокида тантанали маросим ўтказилди.
Вилоят мактатабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи М.Ҳамдамов, Пастдарғом тумани ҳокими Ш.Раҳмонов ва бошқалар ижодкор ўқитувчини давлат мукофоти билан табриклаб, унинг ижоди ва педагогик фаолиятига муваффақият тилади.

– Гулҳаё қизимиз Зулфияхонимнинг чинакам издоши, бадиий ижод билан шуғулланиб, шеърият оламида бугун ўз ўрнини топиб келаётган истеъдодли ёшларимиздан бири, – деди тадбирда иштирок этган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Х.Бобомуродова. – Унинг шеърларида нафис ҳислар, юксак инсоний туйғулар яққол акс этиб туради. Ёш ижодкорнинг шу пайтгача “Акс-садо”, “Аврон” номли шеърий китоблари чоп этилиб, ижодкорлар томонидан юксак эътироф этилгани боиси ҳам шунда деб биламан. Насиб этса, Гулҳаё барчамизнинг фахр ва ғуруримизга айланадиган катта шоира бўлади, кўплаб шогирдлар тайёрлайди, деб умид қиламиз.

Тадбирда Гулҳаё Аноровага бошқарма ва туман ҳокимлигининг совғалари топширилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири