Давлат хизматлари кўрсатишда чеклов йўқ
Мижознинг ҳарорати ўлчаниб, тиббий ниқоб таққанидан кейингина марказга киритиб, хизматдан фойдаланишга рухсат берилди.
Жиззах вилояти Фориш тумани давлат хизматлари марказига кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришга келган Собир Эшматов тиббий ниқобда бўлмагани сабабли ичкарига киритилмай, санитария эпидемология станциясига хабар берилди.
Мижознинг ҳарорати ўлчаниб, тиббий ниқоб таққанидан кейингина марказга киритиб, хизматдан фойдаланишга рухсат берилди.
Карантин қоидалари кучайтирилган шароитда бундай талаб ҳеч кимга малол келмаслиги керак. Белгиланган қоидаларга риоя қилиш нафақат давлат идораси ходимларининг, айни пайтда бу ерга келган ҳар бир кишининг саломатлигини асрашда муҳим аҳамият касб этади.
– Айни пайтда марказимизда фуқароларга Республика махсус комиссияси белгилаб берган қоидалар асосида хизмат кўрсатилмоқда, – дейди туман ДХМ раҳбари Баҳром Фозилов. – Жорий йилнинг ўтган даврида аҳолига 9 минг 675 та давлат хизмати кўрсатилди. Масофавий тарзда ўзи мустақил давлат хизматидан фойдаланганлар 200 тани ташкил этди.
Вилоятдаги барча шаҳар ва туман давлат хизматлари марказлари карантин талабларига риоя қилган ҳолда иш фаолиятини узлуксиз олиб бораётир. Жорий йилнинг олти ойи давомида вилоят аҳолисига 148 минг 850 та хизмат кўрсатилди. Уларнинг 140 минг 606 таси марказларда, 8 минг 244 таси интернет орқали амалга оширилган.
Марказлар орқали кўрсатилган хизмат турларини таҳлил қилиб, бугунги кунда одамларга энг зарур ҳужжатларни, иш юритиш воситаларини билиб олиш мумкин. Масалан кўрсатилган хизматларнинг энг кўпи – 1 минг 172 таси электрон рақамли имзо (ЭРИ) олиш бўйича эканлиги тадбиркорликнинг ривожланаётганини кўрсатиб турибди. Чунки электрон имзо айнан улар учун бошқаларга қараганда зарурроқ.
Шунингдек, кадастр паспортини шакллантиришда 721 та, жисмоний шахслар учун солиқ тўловчининг идентификацион рақамини (СТИР) олиш бўйича 893 та, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишда 664 та хизмат кўрсатилгани ҳам фуқароларнинг бу соҳалардаги фаолияти ҳам фаоллашганидан дарак беради.