Давлат гранти танловлари ва барча жараёнлар ngo.gov.uz платформаси орқали амалга оширилади
Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда жорий йилда ўтказиладиган давлат гранти танловларини шакллантириш мақсадида март-апрель ойларида ҳудудларда амалга оширилган хизмат сафарлари натижалари ҳамда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Ишчи гуруҳ аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўлиб, жойлардаги 600 дан ортиқ ижтимоий муаммоларни ўрганган. Ўрганишлар давомида мавжуд муаммоларни фуқаролик жамияти институтлари иштирокида ҳал этиш имкониятлари кўриб чиқилган.
Йиғилиш давомида ҳудудларда аниқланган ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал этишга қаратилган давлат грантларини эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Грантлар инфратузилмани яхшилаш, аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш, бандликни таъминлаш, экологик муаммоларни бартараф этиш, спорт майдончалари ва кутубхоналар ташкил этиш, таълимни ривожлантириш ва соғломлаштириш йўналишидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Мазкур босқичда 146 лойиҳа учун 21,7 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Давлат гранти танловлари ва барча жараёнлар ngo.gov.uz платформаси орқали амалга оширилади. Ушбу платформа орқали фуқаролик жамияти институтлари ўз лойиҳаларини тақдим этиш, баҳолаш жараёнларини кузатиш ва муҳокамаларда иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
Н.Абдураимова,
ЎзА