Давлат департаменти Грузияни огоҳлантирди
АҚШ маъмурияти Грузия ҳукуматини ва хусусий секторни Россия билан авиақатновларни тиклагани учун Америка томонининг санкциясига тушиб қолиши билан огоҳлантирди.
“Россия самолётларининг Грузияга учиши ҳақида айтадиган бўлсак, кўплаб Ғарб мамлакатлари, жумладан, АҚШ ҳам Россиянинг самолётларини ўз ҳаво кенгликларига киришини тақиқлайди. Биз Россия билан Грузия ўртасида тўғридан-тўғри самолёт қатновлари йўлга қўйилганидан ташвишдамиз. Бу, компаниялар, Грузия аэропортлари Ғарб санкциясига тушиб қолиши мумкин, деганидир”, – деб баёнот берди журналистлар учун уюштирилган брифингда Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Мэттью Миллер.
“Ҳозир Россия билан ҳамкорликни кенгайтириш вақти эмас”, – дея таъкидлади АҚШ ташқи сиёсат идораси вакили.
Америка Грузия компанияларига нисбатан санкция қўллаши мумкинлиги ҳақида илк бор май ойида Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбарининг ўринбосари Ведант Патель айтиб ўтган эди.