Кафолат
I
Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз Президенти лавозимига сайланган пайтда Ўзбекистон олдида турган энг мураккаб муаммолардан бири халқнинг давлатга нисбатан йўқотилган ишончини тиклаш эди. Негаки, давлат билан халқ орасида жарлик пайдо бўлган, қарорлар бир томон манфаатидан келиб чиқиб қабул қилинар, халқимиз орзу қилган адолатли жамият армон бўлиб келаётган эди. Бугун эса ҳаётимиз ўзгарди. Халқимиз давлатга эмас, давлат халққа хизмат қиляпти. Одамларнинг қабул қилинаётган қарорларга муносабати ўрганиляпти. Ҳаётда ҳар бир миллатнинг, ҳар бир давлатининг нималарга қодирлиги, аввало, унинг нияти ва орзу ҳавасига эришиш йўлидаги интилишларига боғлиқдир. Шундай мақсадларнинг нечоғлик улуғворлиги эртамизни, эртанги кундаги мартабамизни белгилаб беради. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг “Aтроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент Фармони лойиҳалари ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилингани ҳам шундан далолат беради. Дарҳақиқат, эртанги кунимизга далхдор бўлган ҳужжатни тайёрлаш учун халқ фикри сўралаётгани эътиборга сазовор. Бу фаровон яшаш умидида бўлган халқимизни рози қилиш йўлидаги яна бир дадил қадамдир. “Ўзбекистон-2030” стратегияси кабинетда ўтириб яратилгани йўқ. Бунинг учун давлатимиз раҳбари вилоятларга чиқиб, оддий халқ вакиллари, турли касб эгалари билан бевосита мулоқотда бўлди, жойлардаги ютуқ ва камчиликлар, муаммолар билан чуқур танишди, одамларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади. Шу асно халқимиз Стратегиянинг ижодкори, ҳаммуаллифига айланди. Зеро, етти ўлчаб бир кесган адашмайди. Режали иш бузилмайди, маслаҳатли ош тотли бўлади. Таъкидлаш жоизки, 2025 йилга оид Давлат дастури лойиҳаси аҳоли танишиб чиқиши учун қулай ва ихчам шаклда тайёрланган бўлиб, унда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 5 та устувор йўналишлари кесимида 2025 йил учун амалий чора-тадбирлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ва ҳар бир йўналиш кесимидаги мақсадли кўрсаткичлар назарда тутилмоқда. Лойиҳада Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, сиёсий партиялар фракцияларининг таклиф ва ташаббуслари инобатга олинган. Давлат дастурининг бир қатор муҳим жиҳатларини алоҳида қайд этиш ўринли. Лойиҳада акс эттирилган асосий вазифа ва чораларда йил номидан келиб чиқиб атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” масалаларига асосий эътибор қаратилмоқда. Дастур ижросини сифатли ва ўз вақтида ташкил этиш мақсадида унинг ҳар бир банди бўйича чораклар кесимидаги мақсадли кўрсаткичлар ва уларга масъул ижрочилар белгиланмоқда.
II
Фармон лойиҳасида 32 та шаҳарда аҳоли пунктларида пиёда ва велосипедда сайр қиладиган “Сояли сайр кўчалари” тармоғи яратилиши, 64 та маҳаллада тажриба тариқасида ёмғир ва оқова сувлардан самарали фойдаланиш, маҳаллалардаги дарахтларни замонавий сув тежовчи технологиялар орқали суғориш тизимининг жорий этиш, аҳоли пиёда юриши ва дам олиши учун соҳил бўйларида зарур инфратузилмани яратишга қаратилган 80 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Айни чоғда, “Бир миллион яшил оила” ҳаракати йўлга қуйилиб, юриш ва югуриш, “яшил” транспортда ҳаракатланиш, озиқ-овқат исрофгарчилигининг олдини олиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни тарғиб қилиш, 200 млн туп кўчат экиш, “яшил боғлар” сони 257 тадан 701 тага, Оролбўйи минтақасида ўрмонзорлар 2,1 миллион гектарга етказиш, 4 та галофит боғлари ташкил этиш кабилар ҳам ислоҳотлар халқимиз бахтига йўналтирилаётганини кўрсатади. Эътибор берсак, дунёда глобал даражада иқлим ўзгариши, экологик муаммолар, табиат софлиги энг долзарб масалага айланди. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, глобал исиш табиий мувозанатга ва одамлар соғлиғига жуда катта зарар етказмоқда.
Президентимизнинг “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси асосида Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорлар 2,1 млн. гектарга, ўрмон билан қопланган майдонлар 4,1 млн. гектарга етказилиши, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар 14,56 фоизгача кенгайтирилиши ҳамда уларнинг экотуризм, кўчатчилик ва дориворчилик йўналишларидаги фойдаланилмаётган захиралари аниқланиб, сафарбар қилиниши ва аҳолининг даромадлари оширилиши; Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа танланган ҳудудларда шўр ва сувсизликка чидамли ўсимликлар боғлари ҳамда давлат “ин-витро” лабораториялари ташкил қилиниши, шунингдек, хусусий “ин-витро” лабораторияларини барпо этишга тадбиркорлик субъектларига кредитларни ажратиш учун халқаро молия институтларидан камида 30 млн. доллар миқдорида маблағлар жалб этилиши белгиланаётгани ҳам даҳшатли экологик муаммо кўламини камайтириш йўлидаги гуманистик қадам бўлади. “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Оролбўйи минтақаси тарихида янги саҳифа очиб, Оролбўйи ҳудудини ривожлантиришга қаратилган ҳаракатларни бирлаштиришга хизмат қилмоқда.
Юртимизда экологик муаммолар олдиндан ўрганилиб, атроф-муҳитни асраш чоралари кўрилаётир. Экотизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш, кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг амалга оширилиши бу борада муҳим қадам бўлмоқда. Юртбошимиз ташаббуси билан бошланган ушбу умуммиллий лойиҳа чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ҳар йили баҳор ва куз фаслида дарахт кўчатлари экиш анъанаси жонланди.
Шу билан бирга, бир минг километр каналларни бетон қопламага ўтказиш, ирригация ва мелиорация тизимлари объектларини қуриш ва реконструкция қилиш орқали 390 минг гектар қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг сув таъминоти яхшиланиши, албатта, минтақамизда тобора камайиб бораётган сув исрофини озайтириш, уни тежаш, қишлоқ мулкдорларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишига хизмат қилади. Бу ҳам халқимиз кўнглидаги иш, десак, тўғри бўлади.
III
Тўғри, халқни рози қилиш борасида юртимизда жуда катта ютуқларга эришилаётир. Лекин бу борада қиладиган ишлар ҳали кўп. Айниқса, табиат мусаффолигини асраш йўлида. Ҳужжат лойиҳасига асосан “Евро – 4” стандартидан паст бўлган мотор ёқилғисини сотиш ҳамда иссиқлик ва электр энергия ишлаб чиқариш корхоналарида мазутдан фойдаланишнинг чекланиши, 2025 йилдан инвестиция дастурлари, тармоқ, соҳалар ва ҳудудларни ривожлантириш лойиҳаларининг 10 фоизи, 2027 йилдан – 25 фоизи, 2030 йилдан – 50 фоизи “яшил лойиҳалар” бўлишини таъминлаш, 2026 йилдан бошлаб ичимликларнинг пластик қадоқларида рангли пластикни ишлатиш, 2027 йилдан бошлаб пластик пакетларни ишлаб чиқариш, олиб кириш ва фойдаланишни таъқиқлаш, умумий қуввати 3,5 ГВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларини фойдаланишга топшириш орқали уларнинг жами электр энергияси истеъмолидаги улушини 26 фоизга етказиш, Европа Иттифоқи иштирокида Бухоро, Наманган, Нукус, Урганч ва Ғузорда кам углеродли ривожланиш режалари ишлаб чиқилиб, 10 та ижтимоий объектларнинг энергия самарадорлигини ошириш кўзда тутилаётгани халқимиз саломатлиги, атроф-муҳит муҳофазасига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур Дастур ижросини таъминлаш мақсадида қарийб 90 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши назарда тутилмоқда. Дастурнинг қабул қилиниши “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳамда Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида белгиланган вазифаларнинг ижросини самарали ташкил этиш, БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисида ҳадли конвенциясининг Киото протоколи ва Париж битими доирасида мамлакатимизнинг глобал ҳамжамият олдида олган мажбуриятларини бажаришда тармоқ ва соҳаларнинг уйғун “яшил трансформация”сини амалга ошириш, уларнинг рақобатбардошлиги ва ресурс тежамкорлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш ҳамда аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш ва иқтисодий ўсишнинг янги “яшил ривожланиш” моделига ўтиш имкониятини яратади. Лойиҳада кўзда тутилган янгича ёндашувлар 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсишини камида 6 фоиз ва унинг ҳажмини 200 млрд. долларга етказиш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадларига эришиш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди. Ишонч билан айтиш мумкинки, Давлат дастури лойиҳаси мамлакатимизда янгиланишлар, ислоҳотлар изчил давом этишининг ўзига хос кафолатидир.
IV
“Яшил” энергетика миллий иқтисодиётимиз драйверига айланаётганидан келиб чиқиб, бу йўналишда ҳам кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифалар белгиландики, бу халқимизнинг узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган муммоларига ечим бўлади, албатта. Бундан олти йил муқаддам Ўзбекистонда яшил энергетика ёки қайта тикланувчи энергия манбалари ҳиссаси арзмаган миқдорда эди. Жорий йилги Давлат дастури лойиҳасида бу борадаги ишларни бутунлай янги босқичга кўтариш бўйича аниқ вазифалар қўйилмоқда. Қайта тикланувчи манбаларни ишга тушириш ва улардан фойдаланишнинг янги-янги жозибали томонлари халқимизга тақдим этилиши кўзда тутиляпти. Жумладан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида 2025 йил 1 апрелдан бошлаб чиқиндилар утилизацияси ҳисобига ҳамда шамол ва қуёш манбаларидан ишлаб чиқарилган электр энергияси учун “яшил тариф”ларни жорий этиш таклиф этиляпти. Бу “яшил” энергиядан фойдаланаётган халқимиз учун ҳам, тадбиркорларимиз учун ҳам катта имконият ва енгилликдир.
Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан бу соҳага катта эътибор қаратилиб, ҳуқуқий замин яратилди. “Яшил энергия” манбаларини барпо қилиш бўйича катта дастурлар бошланди. Инвесторлар учун жозибадор муҳит ташкил этилди. Натижа рақамларда кўзга ташланади. Олайлик, давлатимиз раҳбари энергетика соҳасидаги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида сўзлаган нутқида 2030 йилга бориб Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларининг жами истеъмолдаги улуши 54 фоизга етказилишини маълум қилди. Ваҳоланки, Президент фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида 2030 йилгача мамлакатдаги қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 25 минг МВт ҳамда уларнинг жами истеъмолдаги улушини 40 фоизга етказиш белгиланганди. Биргина 2025 йилда 3,4 минг мегаваттли 18 та қуёш ва шамол станциялари ҳамда 1,8 минг мегаваттли сақлаш тизимлари ишга туширилади. Бунинг натижасида 2025 йилда «яшил энергия» ишлаб чиқариш ҳажмлари 12 млрд киловатт соатга етади. Бу 5 млн хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг ва 6,5 млн тонна зарарли газларни атмосферага чиқаришнинг олди олинади, деганидир. Келгуси 2 йилда хусусий тадбиркорлар билан бирга 2 мингдан ортиқ кичик ва микро-ГЭСлар ташкил қилиш бўйича катта дастур амалга оширилади. Бундан кейин ҳам соҳага хусусий сектор кириб келиши рағбатлантирилиб, электр энергияси бозорини ташкил этиш бўйича катта қадамлар қўйилади. Хусусан, 2025 йил якунига қадар рақобатли савдолар орқали электр энергияси улгуржи бозори яратилади. Булар айтишга осон, аммо бажариш мураккаб вазифалар. Президентимиз сиёсий иродаси билан бошланган ислоҳотлар туфайли сармоядорларнинг юртимизга қайтиши мана шундай улкан лойиҳаларни амалга ошириш имконини беряпти.
V
Хуллас, Давлат дастури лойиҳасида катта марралар белгилаб олинган. Мақсадлар шунчаки улкан режалар эмас, балки аҳоли турмуш даражасини оширишнинг амалий пойдеворидир. Унда илгари сурилган ижтимоий инфратузилмани такомиллаштириш, камбағалликни қисқартириш, хусусий секторни ривожлантириш ва инновацион ечимларни жорий этиш келажак авлод учун мустаҳкам замин яратади. Демакки, ҳужжатни мамлакатимизнинг келажагини белгилаб берган тараққиёт дастури дейиш мумкин. Боз устига, Атроф-муҳитни асраш ва барқарор ривожланишнинг глобал тенденцияларига мос келадиган “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш ташаббуси ҳам эртамизни ўйлаб ташланаётган қадамлар, десак тўғрироқ бўлади.
Ўзбекистонда 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт” йили деб эълон қилиниши мамлакатнинг экологик масъулияти ва келажак учун табиий ресурсларга ғамхўрлик қилиш мажбуриятини ҳам тасдиқлайди. Шубҳасиз, ушбу ташаббус узоқни кўзлаб, глобал экологик муаммоларга жавоб беришдаги мамлакатимиз қатъиятини, позициясини акс эттиради. Давлатимиз раҳбари бугун иқлим ўзгариши, ҳаво ва сув ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, қазиб олинадиган ёқилғидан назоратсиз фойдаланиш каби салбий оқибатлар нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда сезилаётганига эътиборни қаратди. Мутахассислар фикрича, иқлим ўзгариши натижасида 2050 йилга бориб, Марказий Осиё минтақасида сув ресурслари 10-15 фоиз камайиши, ер деградацияси туфайли қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги 20-30 фоиз пасайиши кутилмоқда. Углерод чиқиндилари йиллик ҳажми 400 миллион тоннани ташкил этади. Мавжуд ҳайвон ва ўсимлик турларининг 12 фоизи йўқолиш хавфи остида. Сув ва ҳаво ифлосланиши сабабли минтақада ҳар йили 50 мингдан зиёд инсон турли сурункали касалликлардан вафот этади. Ушбу рақамлар Марказий Осиёдаги экологик муаммолар жиддийлигини кўрсатади ва дарҳол қатъий чоралар кўришни талаб қилади. Дастурий ҳужжат шуниси билан ҳам муҳим. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, экологик тадбиркорлик ва инновацион технологияларни ривожлантириш мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш, қўшимча иш ўринлари очиш имконини беради. Бу қадамлар Ўзбекистоннинг экологик масъулияти ва барқарор ривожланаётган давлат сифатида халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тараққиёт шу қадар мураккаб ва оғирки, инсонлар ҳам, жамият ҳам ҳар қадамда турли қийинчиликлар билан юзма-юз келади. Биз яшаб турган геополитик муҳитда, ундан ҳам кенгроқ ҳудудларда юз бераётган сиёсий найрангбозликлар кундан-кун авжланиб бораётган замонда эса тараққиёт сари интилиш чин маънода ватанпарварлик ва элпарварликни талаб қилади ҳар бир фуқародан. Серғалва кунларда тинчликни асраш, Ватан ва миллат саодати ҳақида аниқ дастурлар яратиш Яратганнинг буюк неъмати.
Ўзбекистон сўнгги йилларда нафақат Марказий Осиё, балки бутун МДҲ маконида янгиланиш ва тараққиётда иқтисодий ислоҳотлар драйверига айланди. Бу эса, янги Ўзбекистоннинг асосий ғояси бўлган “Инсон қадри учун” формуласи, шунингдек, “Инсон – жамият – давлат” деган ислоҳотларнинг бош тамойили ҳаётга татбиқ этилаётганининг ёрқин кўзгуси ва она Ватанимиз Ўзбекистонда бундай халқчил юмушлар бардавомлигининг кафолатидир.
А.Кўчимов,
Олий Мажлис Сенатининг
Бюджет ва иқтисодий масалалар
қўмтаси аъзоси