
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси устидан тизимли назорат ўрнатилган.
Дастур асосида Қорақалпоғистон Республикасида 89 та фуқаролар йиғинида аҳоли томорқасини сув билан таъминлаш мақсадида, дастлабки қиймати 198,4 миллиард сўм бўлган 929,9 километр суғориш тармоғини, 33 та суғориш қудуғини, 219 дона насос агрегатини, 1,8 километр лоток қуриш ва реконструкция қилиш, 54,1 километр қувур тортиш ишларини амалга ошириш белгиланган.

Давлат дастури ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ўринбосари Т.Нурметов томонидан соҳага масъул вазирликлар, буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Унда масъулларни дастурга киритилган объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳа – смета ҳужжатлари сифатли ишлаб чиқилиши ва ажратилган маблағлар мақсадли ва самарали йўналтирилиши, қурилиш – монтаж ишларининг сифатли бажарилиши ва шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши хусусида огоҳлантирилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири