Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида “2025 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
Фракция аъзолари бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик, ўрта муддатда асосий солиқ ставкаларини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш, бюджет даромадлари базасини кенгайтириш, берилган солиқ, божхона имтиёзларини самараси ва берган натижасига қараб қайта кўриб чиқиш ва босқичма-босқич бекор қилиш, иш ҳақи ва пенсия миқдорларини инфляциядан кам бўлмаган миқдорда ошириб бориш билан боғлиқ асосий йўналишларни бирма-бир таҳлил қилди.
Шунингдек, партиянинг ғоя ва мақсадларидан келиб чиқиб, таълим-тарбия, илм-фан, маданият ва санъат ривожи, тарихий обидаларни асраб-авайлаш, туризм, хорижда таълим олаётган ёшларни ҳамда меҳнат билан банд бўлган ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган маблағларни янада кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.
Депутатлар бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирди. Жумладан, бюджет лойиҳасида “Тирик тарих” фильмлар туркумини яратиш дастурини амалга ошириш учун ажратилган маблағ миқдорининг камлиги, бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун эса мутлақо маблағ кўзда тутилмаганлиги фракция аъзоларининг кескин эътирозларига сабаб бўлди. Қонун ташаббускорлари томонидан мазкур мақсадларни амалга ошириш учун қўшимча маблағ ажратиш масаласи қайта кўриб чиқиладиган бўлди.
Шунингдек, депутатлар давлат хусусий шерикчилик асосида фаолият олиб бораётган таълим муассасаларига берилаётган солиқ имтиёзлари ва субсидияларнинг натижадорлигига қизиқиб, масъуллардан бу борада изоҳ сўради.
М.Комилова, ЎзА