Давлатимиз раҳбари томонидан ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилда 200 миллиард долларга олиб чиқиш вазифаси белгилаб берилди.
Сенатда ўтказилган семинарда шу масалага эътибор қаратилди. Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан ўтказилган семинарда “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун ижроси бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳамда республика ва маҳаллий бюджетлар ўртасидаги муносабатлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Давлат бюджетининг 2025 йил учун параметрлари, бюджет тақчиллиги жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқлик ва геосиёсий вазиятнинг мамлакатимиз иқтисодиётига таъсирини юмшатиш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш каби омилларни эътиборга олган ҳолда ҳисоб-китоб қилинган.
Семинарда аввалги йиллардан фарқли равишда “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга бир қатор янги нормалар киритилганига батафсил изоҳ берилди.

Хусусан, қонунда давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда тегишли туман ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари ушбу механизмлар жорий этилган йилдан олдинги йилдаги ҳажмдан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилиши белгиланган.
Бунда, давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда қўшимча маблағларни шакллантириш тегишли юқори турувчи бюджетларнинг захира жамғармалари маблағларини камайтириш ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, жорий йилдан бошлаб маҳаллий кенгашлар ваколатлари ҳам кенгайган.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашларига туман ва шаҳарларнинг иқтисодий ривожланиш даражасидан келиб чиқиб якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий солиқ ставкалари миқдорини белгилаш ваколати берилган.
2025 йилдан уларга сув солиғи ставкасига 0,7 гача камайтирувчи ва 1,5 гача оширувчи коэффициент қўллаш каби бир қатор янги ваколатлар берилиб, туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетларида қолдириладиган даромадлар таркиби кенгайтирилган.
Семинар якунида иштирокчиларга зарур тавсиялар берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА