Давлат байроғи – мустақиллик тимсоли
Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади.
Навоий вилояти Кармана тумани марказида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисидаги” қонуни қабул қилинганлигининг 29 йиллигига бағишлаб “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида “Ўзбекистон байроғи – мустақиллик тимсоли” мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади. Давлатимиз байроғи ўзида бутун Ўзбекистон халқининг ғайрати ва шижоатини мужассам этган. Бу йил 18 ноябрь куни “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлигига 29 йил тўлади.
Тадбирда Ватанимиз байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатиши ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштирганлиги, юртимиз дунё ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида бутун дунёга танилаётганлиги, байроғимиз БМТ бош қароргоҳи олдида ҳилпираб мамлакатимизнинг қуч-қудратини намоён этаётганлиги ҳақида сўз юритилди. Зеро, Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир.

¬ Ватан байроғига эътибор, унга ҳурмат кўрсатиш ва қадрлаш замирида аввалом бор ватанпарварлик туйғулари ётади. Ва у ёшлар тарбиясида муҳим ўрин эгаллаши билан аҳамиятлидир, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими бошқаруви раиси Фахриддин Солиев.
Тадбирда туманда жойлашган ҳарбий қисмда намунали хизмат қилаётган ўн нафар аскар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва Кармана туман ҳокимлиги номидан ”Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.

Тадбир давомида давлат байроғи ўрнатилган енгил автомашиналар иштирокида халқаро аҳамиятга эга М-37 автомагистрал йўли бўйлаб автомарафон ўтказилди. Уларни “Дўрмон” қишлоғида отлиқ чавондозлар қарши олди.
Ҳарбийлар ва “Жасур ўғлонлар” гуруҳи чиқишлари, туман маданият бўлими томонидан тайёрланган концерт дастури тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Абдували БЎРИЕВ, ЎзА