Дала четларидаги ер майдонларидан унумли фойдаланилмоқда
Юртимизда фермер хўжаликлари дала четларидаги ер майдонларини ўзлаштириш, мевали дарахт, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари экиб етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунда Президентимизнинг 2023 йил 12 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги корхоналари дала четларидаги ер майдонларида маҳсулот етиштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини бажармоқда.
Шунингдек, 2024 йил 28 ноябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган мева-сабзавот етиштириш, қайта ишлаш ва экспортини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги видеоселектор йиғилишида бугунги кунга қадар фермер хўжаликларининг дала четлари, коллектор ва дренажлар атрофидан фойдаланиш имконияти бўлсада, самарали фойдаланилмасдан қолаётган ерлар мавжудлиги хусусида сўз юритилиб, олиб борилаётган ишларга танқидий баҳо берилганди. Натижада ҳар бир маҳалла, хонадон ва фермер хўжалигига Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ходими бириктирилиши белгиланиб, дала четларидан самарали фойдаланишни тизимли ташкил этиш бўйича аниқ топшириқлар берилган эди.

Навоий вилоятида дала четлари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонлар хатловдан ўтказилиб, мутахассисларнинг тавсиясига кўра, мевали дарахт кўчатлари экилмоқда.
Ўтказилган ўрганишларга кўра, 255 гектар дала четларидаги ва 149 гектар канал ҳамда коллекторлар атрофидаги ер майдонларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва мевали дарахт кўчатлари экиш тавсия қилинган.
– Кармана туманида ҳам кўчат экиш ишлари белгилаб олинган режа асосида олиб бориляпти, – дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси туман бўлими инспектори Расул Очилов. – Кўчат экиш тадбирларида ҳудуднинг иқлим шароитига мос навлар танланмоқда. Бугунги кунда фойдаланиш имконияти бўлган ерларда аччиқ гилос, олхўри, ўрик ва бошқа турдаги мевали дарахт кўчатларини экиш орқали “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасидаги кўкаламзорлаштириш ишларининг натижадорлигини ошириш билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни ривожлантириш чора-тадбирлари белгилаб олинди. Тажрибали агроном, боғбонлар ҳамда инспекторлар томонидан экиш ишлари назоратга олинган. Дала четлари, зовур ҳамда каналлар атрофидаги бўш ер майдонларига экилган ниҳолларга масъуллар бириктирилиб, суғориш тизими жорий қилинмоқда.
Албатта, кўрилаётган бу каби чора-тадбирлар яшил майдонларни кенгайтирибгина қолмай, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири