Чортоқда “Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг туман босқичи бўлиб ўтди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жорий йилда республика бўйлаб бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раиси кубоги учун “Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг туман (шаҳар) босқичига старт берилди.
Мазкур мусобақа доирасида “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилоят кенгаши тасарруфидаги Чортоқ ўқув-спорт техника маркази базасида мусобақанинг туман босқичи ўтказилди.
Унда тумандаги 27 та умумтаълим мактаби ва техникумлардан 270 нафар “Ватан таянчи” отрядлари аъзолари иштирок этди. Қатнашчилар саф тайёргарлиги, “Тарих билимдони”, ҳарбий эстафета, 100 метрга югуриш, турникда тортилиш, граната улоқтириш, пневматик қуролдан ўқ отиш ҳамда узоқ масофага югуриш шартлари бўйича ўзаро беллашди.
Туман босқичи якуний натижаларига кўра, 1-ўринни 54-сонли мактабнинг “Темурийлар” жамоаси, 2-ўринни 6-сонли мактабнинг “Шунқорлар” жамоаси, 3-ўринни эса 21-сонли мактабнинг “Матонат” жамоаси эгаллади.
Ғолиб бўлган 54-сонли мактабнинг “Темурийлар” жамоаси мусобақанинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.
[gallery-28983]
Тантанали тақдирлаш маросимида “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилоят кенгаши раиси А. Аълохўжаев, Чортоқ тумани ҳокими И. Сатторов, сектор раҳбарлари, туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, ҳамкор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ғолиб ва совриндорларга фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА