Чингиз Айтматов – икки элнинг азиз фарзанди
Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ”Улуғбек” жамғармаси томонидан буюк адиб ва мутафаккир олим Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасида Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ чоп этилган мақолалар, фотосуратлар, расмий ва архив материаллари ва уларга берилган шарҳлар асосида тайёрланган “Икки элнинг азиз фарзанди” номли китобнинг тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда “Улуғбек” жамғармаси раҳбарияти ва ходимлари, хорижий мамлакатлар дипломатик корпуси вакиллари, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ёзувчилар уюшмаси, вазирлик ва идоралар ҳамда жамоат ташкилотлари ходимлари, Миллий маданий марказлар фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Давр суҳбатида Чингиз Айтматов минтақамиз тинчлиги ва осойишталиги, унинг келажаги ва равнақи, халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни турли зиддият ва қарама-қаршиликлардан асраш йўлида фидокорона фаолият олиб боргани хусусида сўз юритилди.

Адибнинг “Жамила”, “Сарвқомат дилбарим”, “Бўтакўз”, “Биринчи муаллим”, “Момо ер”, “Сомон йўли”, “Алвидо, эй Гулсари”, “Оқ кема”, “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар”, “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат”, “Кассандра тамғаси”, “Чўққида қолган овчининг оҳу зори” каби кўплаб асарлари дунёнинг қатор тилларига таржима қилиниб, китобхонлар эътирофига сазовор бўлган.
Дарҳақиқат, халқимиз Чингиз Айтматовнинг асарларини ўзгача меҳр ва қизиқиш билан ўқийди. Чунки улуғ адибнинг юртимизга, халқимизга бўлган муҳаббати, ҳурмати чексиз ва буюк эди.
“Улуғбек” жамғармаси раиси Оқил Салимов “Чингиз Айтматов теран ва маърифат та зийраклик билан таҳлил қилиш салоҳиятига эга бўлган донишманд, ўткир зеҳнли, кузатувчан файласуф, одамларнинг дилидаги нозик яширин фазилатларини билувчи инсон бўлганини таъкидлади.

– Унинг ёзувчи сифатидаги истеъдоди бутун сайёрани қамраб олган ижтимоий тўнтаришларни ва уларни енгиш учун одамларнинг масъулиятини кўрсатиб берганидадир, – деди Оқил Салимов. – Адибнинг асарлари оламнинг асл моҳиятини илдизигача очиб берди.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов бой ижодий мероси нафақат қирғиз эли, балки бутун туркий тилли мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам муҳим маъно ва аҳамият касб этишини таъкидлади.
– Чингиз Айтматов халқларимиз ўртасидаги қадимий дўстлик ва маънавий бирликни янада мустаҳкамлаш, муштарак бой анъанавий меросини авайлаб-асрашга, адабиёт, санъат, илм-фан соҳасида эришган ютуқларини дунёга танитиш, бу соҳада янги имкониятларни излаб топиш ва тарғибот ишларини такомиллаштириш мақсадида Тошкентда ташкил этилган Марказий Осиё халқлари маданияти Ассамблеяси халқаро жамоатчилик ҳаракатининг раҳбарларидан бири бўлган эди, – деди Рустамбек Қурбонов. – Ўзбекистоннинг қадрдон дўсти бўлган бетакрор ижодкорнинг хизматлари давлатимиз томонидан юксак қадрланиб, Чингиз Айтматов “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган эди.

Анжуманда Чингиз Айтматовнинг фаолияти, бетакрор ижоди, асарларининг аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди.
Тадбир давомида Қирғизистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муса Жаманбаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, таниқли журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Республика қирғиз маданият маркази раҳбари Раҳматилла Жабборов ва бошқалар Чингиз Айтматовнинг ўзбек адабиёти ва санъатининг йирик намояндалари билан яқин дўст ва ижодий ҳамкор бўлгани ёш адибларимиз учун юксак ибрат намунаси эканини эътироф этди.
Тақдимот тадбири иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Н.Усмонова, ЎзА