Чигирткаларга қарши курашиш изчил давом этмоқда
Бухоро вилоятида қишлоқ хўжалиги экинлари, боғ-роғлар ва аҳоли томорқаларини зарарли чигирткалар ҳужумидан ҳимоя қилиш бўйича кенг қамровли тадбирлар изчил давом этмоқда. Бу ишлар нафақат бугунги ҳосилни сақлаб қолиш, балки келгуси мавсумларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маълумки, чигирткалар қисқа вақт ичида катта майдонлардаги экинларга жиддий зарар етказиш қудратига эга бўлган хавфли зараркунандалардан ҳисобланади. Бир неча кун ичида юзлаб гектар майдонлардаги яшил ўсимликларни йўқ қилиб юбориш имкониятига эга бу ҳашаротлар қишлоқ хўжалиги учун катта таҳдид саналади. Шу боис уларга қарши курашиш ишлари давлат миқёсида доимий назоратга олинган.
Ана шундай муҳим вазифалар ижроси доирасида Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари, полковник Н. Қодиров Ромитан туманининг Газли шаҳарчасида олиб борилаётган кимёвий ишлов бериш ишлари билан яқиндан танишди. Ўрганишлар давомида мутахассислар томонидан махсус техника ва замонавий воситалар ёрдамида зарарланиш ўчоқларида тезкор ва самарали ишлов бериш ишлари амалга оширилаётгани қайд этилди.

Айниқса, экин майдонлари, сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилаётган ҳудудлар ҳамда аҳоли томорқаларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса бир томондан деҳқонларнинг меҳнати самарасини асрашга хизмат қилса, иккинчи томондан бозорларда маҳсулотлар барқарорлигини таъминлашга замин яратади.
Мутахассислар таъкидлашича, чигирткаларга қарши курашда энг муҳим омил — уларнинг тарқалиш ўчоқларини эрта аниқлаш ва ўз вақтида чора кўришдир. Шу мақсадда мониторинг ишлари кучайтирилиб, хавфли ҳудудлар доимий назоратга олинмоқда. Замонавий техника ва илмий асосланган усулларнинг қўлланилиши эса амалга оширилаётган тадбирлар самарадорлигини янада оширмоқда.
Ўрганиш давомида масъулларга кимёвий ишлов бериш жараёнларида хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш, зарарланиш ўчоқларини мунтазам кузатиб бориш ҳамда профилактик чора-тадбирларни янада кучайтириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири