Чек истеъмолчининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилади
Бугун тадбиркорлик муҳитининг жозибадорлиги фақат ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш ҳажми билан эмас, балки фаолиятнинг қанчалик қонуний, шаффоф ва ҳалол юритилаётгани билан ҳам баҳоланади. Солиқ интизомига риоя этиш, ҳисоб-китобларни очиқ юритиш ва истеъмолчилар ҳуқуқини таъминлаш иқтисодиёт барқарорлиги, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда тадбиркорлик обрўсини мустаҳкамлашнинг муҳим шартидир.
Шу боис мамлакатимизда яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, хизмат кўрсатиш соҳасида қонунчилик талабларига оғишмай амал қилиш ҳамда ҳисоб-китобларни рақамли тизимлар асосида юритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Солиқ қўмитаси томонидан онлайн назорат-касса машиналарини кенг жорий этиш, тўловларнинг шаффофлигини таъминлаш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Жиззах воҳасида бугунги кунда 769 та умумий овқатланиш шохобчаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Мазкур йўналишда солиқ қонунчилигига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, тадбиркорларга амалий ва услубий кўмак бериш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида вилоят солиқ бошқармаси томонидан профилактик тадбирлар мунтазам ташкил этилмоқда.

Шундай тадбирлардан бири яқинда Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтувчи М–39 халқаро автомагистрали бўйида жойлашган 42 та умумий овқатланиш шохобчасида ўтказилди. Учрашувлар давомида тадбиркорларга онлайн назорат-касса машиналаридан тўғри фойдаланиш, савдо тушумларини тўлиқ ҳисобга олиш, ҳар бир харидорга чек тақдим этиш, шунингдек, ходимларни расмий меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий аҳамияти атрофлича тушунтирилди.
Бироқ олиб борилаётган тушунтириш ва профилактика ишларига қарамасдан, айрим тадбиркорлар томонидан қонун талабларига етарли даражада амал қилинмаётгани ҳам кузатилмоқда. Хусусан, июль ойининг дастлабки саккиз куни давомида харидорларга чек бермасдан фаолият юритган 17 та умумий овқатланиш корхонасида сайёр солиқ текширувлари ўтказилди.
Бу рақамлар бир қарашда оддий статистикадек туюлиши мумкин. Аммо ҳар бир берилмаган чек ортида давлат бюджетига тушмай қолган маблағ, истеъмолчининг ҳуқуқи етарлича ҳимояланмагани ва энг муҳими, соғлом рақобат муҳитига путур етказувчи омил мужассам. Ҳалол ишлаётган тадбиркор билан қонун талабларини четлаб ўтишга уринган субъект ўртасида тенг рақобат бўлиши мумкин эмас.
Мутахассислар таъкидлаганидек, харидорга чек бериш шунчаки техник жараён ёки оддий расмиятчилик эмас. У сотув ва хизмат кўрсатиш жараёнининг қонунийлигини тасдиқлайди, истеъмолчининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилади ҳамда тадбиркор фаолиятининг шаффофлигини намоён этади. Шу маънода чек бериш қонун талабига риоя қилиш билан бирга ишбилармонлик маданияти, ҳалол меҳнат, масъулият ва мижозга ҳурматнинг амалий ифодасидир.
Бугун мамлакатимизда хизматлар соҳаси иқтисодиётнинг энг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири ҳисобланади. Жумладан, Жиззах вилоятида ҳам яшаш ва овқатланиш хизматларининг бозор хизматлари таркибидаги улуши тобора ортиб бормоқда. Бу эса соҳада солиқ интизомига қатъий амал қилиш, ҳисоб-китобларнинг очиқлигини таъминлаш ва меҳнат муносабатларини қонуний асосда йўлга қўйиш масъулиятини янада оширади.
Ҳалол меҳнат барака келтиради, шаффоф фаолият эса ишончни мустаҳкамлайди. Яширин иқтисодиётдан йироқ бўлиш, солиқ мажбуриятларини виждонан бажариш, меҳнат муносабатларини қонунийлаштириш ва ҳисоб-китобларни очиқ юритиш ҳар бир тадбиркорнинг нафақат қонун олдидаги бурчи, балки унинг ишбилармонлик нуфузи, бизнесининг барқарорлиги ва истиқболли тараққиётини таъминлайдиган энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири