Cайлов штаби фаолиятини бошлади
Бугун Ўзбекистон Экологик партиясининг марказий кенгашида сайлов штабининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Бугун Ўзбекистон Экологик партиясининг марказий кенгашида сайлов штабининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда партиянинг ҳудудлардаги фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВлари ходимлари иштирок этди.
Маросимда Ўзбекистон Экологик партиясининг марказий кенгаши раиси Борий Алихонов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Экологик партияси томонидан 2019 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида фаол иштирок этиш учун барча зарур чоралар кўрилаётгани ва бунда партиянинг янги иш бошлаган ушбу сайлов штаби сайловолди жараёнларга пухта тараддуд кўришда муҳим маскан бўлиб хизмат қилишини қайд этди.
Жорий йил 20 сентябрдан сайлов компанияси бошланган. Янги Сайлов кодексига асосан сиёсий партия ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида 40 минг сайловчининг имзосини тўплаган тақдирдагина депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкинлиги ва имзо варақаларининг бланкалари сайлов кампанияси бошлангани эълон қилингандан кейин Марказий сайлов комиссияси томонидан берилиши белгиланган.
Жорий йилнинг 24 сентябрь куни эса Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига уларнинг рўйхатга олинганлиги ҳақидаги гувоҳномалар ҳамда сайловчиларнинг имзоларини тўплаши учун белгиланган намунадаги имзо варақалари топширилди.
– Бугунги кунда барча сиёсий партиялар қаторида сайловларда илк бор иштирок этаётган Ўзбекистон Экологик партияси томонидан ҳам имзо йиғиш жараёнларини бормоқда, – деди Ўзбекистон Экологик партиясининг марказий кенгаши ахборот хизмати раҳбари Эркин Омонов. – Ўзбекистон Экологик партияси “Биз келажак учун жавобгармиз” ғояси билан сиёсий майдонга чиқмоқда. Шу нуқтаи назардан партия халқ билан бирга бўлиш, халқ дардини эшитиш ва муаммоларни биргаликда ҳал этиш, уларнинг муаммосини ўзининг муаммоси, деб билиб янгича форматда тарғибот акциялари ҳамда сайловга қизғин тайёргарликни бошлаб юборган. Ҳар бир партия сайлов олдидан марказий кенгашларида ўз сайлов штабларини очиши ҳамда туну кун фаолиятини йўлга қўйиши белгиланган. Бугун ўз ишини бошлаган сайлов штаби ана шу талаблар ижросидир. Унда депутатлар ва партия аъзолари учун барча қулайликлар яратилди.